Жаҳон | 12:04 / 23.07.2024
3250
2 дақиқада ўқилади

Россия Олий суди Навалнийга нисбатан чиқарилган охирги ҳукмни тасдиқлади

Алексей Навалнийнинг ўлимидан деярли олти ой ўтгач, Россия Федерацияси Олий суди мухолифатчига чиқарилган қарорни қонуний деб тан олди, унга кўра у 19 йил махсус режимли колонияга ҳукм қилинди.

Фото: Глеб Щелкунов / Коммерсантъ

Россия Олий суди ҳибсда вафот этган мухолифатчи Алексей Навалнийга нисбатан «экстремистик ҳамжамият» иши бўйича ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди. Бу ҳақда 22 июл, душанба куни суд матбуот хизматига таяниб, «Интерфакс» агентлиги хабар берди.

Навалнийга ҳукми устидан кассация шикояти кўриб чиқилган йиғилиш 2 июл куни бўлиб ўтди. Худди шу йиғилишда иш бўйича иккинчи айбланувчи, «Навальный Live» YouTube-канали собиқ техник директори Даниэл Холоднийнинг ҳукм устидан берган шикояти рад этилди.

«Экстремистик ҳамжамият» бўйича иш

Навалний ва унинг шерикларига қарши «экстремистик ҳамжамият» иши 2021 йил сентябрида очилган. 2023 йил август ойида Москва шаҳар суди Владимир вилоятининг Мелехово посёлкасидаги 6-сонли ахлоқ тузатиш колониясида ўтказилган суд мажлисида мухолифатчи сиёсатчини яна 19 йилга махсус режимли колонияга ҳукм қилди. Суд Холоднийга саккиз йил берди. Москвадаги биринчи апелляция суди бу ҳукмни 2023 йил сентябр ойида тасдиқлаган. 

Охирги ҳукм бўйича жазони ўташ учун Навалний Ямал-Ненец автоном округидаги Харп посёлкасидаги 3-колонияга ўтказилди. Ямал-Ненец автоном округи бўйича жазони ижро этиш хизмати 16 феврал куни тушдан кейин Алексей Навалний Харпдаги колонияда вафот этгани ҳақида хабар берди. Унинг ўлими ҳақидаги хулосада айтилишича, сиёсатчи табиий сабабларга кўра вафот этган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид