Жаҳон | 13:29 / 23.07.2024
3126
2 дақиқада ўқилади

Хорватиядаги қариялар уйида отишма: ҳалок бўлганлар бор

Хорватиянинг Дарувар шаҳридаги қариялар уйида нафақадаги полициячининг ўт очиши оқибатида олти киши ҳалок бўлди. Ҳужумдан кейин эркак қочиб кетган, бироқ тез орада полиция томонидан қўлга олинган.

Фото: vijesti.hrt.hr

Хорватия шимолидаги Дарувар шаҳрида қуролланган шахс қариялар уйида отишма уюштирди, деб хабар бермоқда Хорватия ОАВ ва расмийлари 22 июл, душанба куни. Уларга кўра, ҳужум оқибатида олти киши ҳалок бўлган, яна бир неча киши жароҳатланган.

Index ахборот порталининг ёзишича, беш киши воқеа жойида вафот этган, яна бир киши кейинроқ касалхонада ҳаётдан кўз юмган, қолган жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Олти киши тиббиёт муассасаларида, дея хабар беради HRT телерадиокомпанияси. Улардан уч нафарининг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.

ОАВ маълумотларига кўра, ҳужумчи жиноят содир этган жойдан қочиб кетган, бироқ тез орада полиция уни яқин атрофдаги кафеда қўлга олган.

Тергов ишлари олиб борилмоқда

Ўқ отган шахс 51 ёшли нафақадаги ҳарбий полициячи бўлиб чиқди, деб ёзади Mojportal. Тахминларга кўра, унинг онаси қариялар уйида яшаган. Хабар қилинишича, ҳалок бўлганлар орасида ушбу аёл ҳам бор, бошқа фуқаролар ва муассаса ходимлари ҳам жабрланган. 

Хорватия бош вазири Андрей Пленкович ҳужумни чуқур тергов қилишга чақирди. «Биз ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирамиз ва ярадорларнинг соғайиб кетишига умид қиламиз», — деб ёзди у X ижтимоий тармоғида. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид