Жаҳон | 13:21 / 24.07.2024
4037
3 дақиқада ўқилади

Россия давлат ташкилотларини ҳам «номақбул ташкилот» деб эълон қилишни бошлайди

Қабул қилинган қонунларга кўра, эндиликда россияликлар исталган номақбул ташкилот фаолиятида иштирок этгани учун 4 йилгача, унинг фаолиятини ташкил этгани учун эса 6 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Фото: The State Duma/AP/picture alliance

Россия Федерацияси Давлат думаси 23 июл, сешанба куни бўлиб ўтган йиғилишида таъсисчилари ёки иштирокчилари хорижий давлатларнинг давлат органлари бўлган ҳар қандай ташкилотларни Россияда «номақбул» деб тан олишга имкон берувчи қонунлар тўпламини қабул қилди, уларда иштирок этганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган. Бу ҳақда Россия парламенти матбуот хизмати хабар берди. Илгари амалдаги қонунчилик таъсисчилари ёки иштирокчилари хорижий давлат органлари бўлган хорижий ва халқаро ташкилотлар фаолиятини «номақбул» деб тан олишга имкон бермас эди. Ушбу норма фақат хорижий нодавлат ташкилотларга нисбатан қўлланади.

Қонун лойиҳаси парламентга 2024 йил 12 февралда киритилган. 11 июн куни Давлат думаси раиси Вячеслав Володин шундай деди: «АҚШ, Британия ва бошқа Европа давлатлари идоралари томонидан тузилган ташкилотлар Россияга қарши фаолият юритмоқда, уларни тўхтатиш фуқароларимиз хавфсизлиги, манфаатларини ҳимоя қилиш масаласидир».

Жазо чоралари

Хусусан, қонун давлат иштирокидаги номақбул ташкилотларга аъзо бўлган хорижликларнинг Россияга киришини тақиқлайди. Ушбу ёндашув Россия аъзоси бўлган халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга тааллуқли бўлмайди.

Бундан ташқари, қабул қилинган қонунларга кўра, ҳар қандай номақбул ташкилот фаолиятида иштирок этганлик учун россияликлар 500 минг рублгача жарима ёки 4 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши, унинг фаолиятини ташкил этганлик учун эса - 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Россия Федерациясининг ички ишларига хорижий давлатлар аралашуви фактларини текшириш бўйича Дума комиссияси раҳбари Василий Пискарев журналистларга тушунтирганидек, исталмаган ташкилот фаолиятида иштирок этиш, масалан, «ташкилотнинг ахборот материалларини нашр этиш, шу жумладан логотиплардан фойдаланиш ва тадбирлар тўғрисидаги эълонларни тарқатиш, шунингдек уларни сақлаш, ижтимоий тармоқларда номақбул ташкилот интернет саҳифалари ва ҳамжамиятларини юритиш» ҳисобланиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, бундай иштирок «ушбу ташкилотнинг дастурлари ёки лойиҳаларини амалга ошириш, хорижда бундай лойиҳаларда иштирок этиш»ни ҳам ўз ичига олади.

Мавзуга оид