Жаҳон | 10:03 / 25.07.2024
6312
3 дақиқада ўқилади

Россия Мудофаа вазирлиги қурилиш компанияси бош директори ушланди

Москвада Россия Мудофаа вазирлигининг Ҳарбий-қурилиш компанияси бош директори 46 ёшли Андрей Белков қўлга олинди. У мудофаа бўйича давлат буюртмаларини бажаришда мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганликда гумонланмоқда.

Андрей Белков Фото: Россия Мудофаа вазирлиги қурилиш компанияси

Россия Мудофаа вазирлигининг Ҳарбий-қурилиш компанияси (ҲҚК)нинг 46 ёшли бош директори Андрей Белков Москвада қўлга олинди. У давлат мудофаа буюртмаларини амалга оширишда мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганликда (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 285.4-моддаси) гумонланмоқда, дея хабар бермоқда «Коммерсант» газетаси 24 июл, чоршанба куни ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига таяниб.

Тергов маълумотларига кўра, 2019 йилда ўша пайтда махсус объектлар учун Ҳарбий-қурилиш бош бошқармаси (ҲҚББ)ни бошқарган Белков Мудофаа вазирлигининг диагностика ва даволаш маркази учун 76 миллион рубл ўрнига оширилган нархда - 121 миллион рублга томограф сотиб олишни ташкил қилган. У пулдаги фарқнинг бир қисмини ўз дўсти, «Партнер Плюс» МЧЖ асосчиси Елена Ляховичга ўтказган, у билан ускуналар етказиб бериш бўйича шартнома тузилган.

Томографнинг ҳақиқий етказиб берувчиси, «Коммерсант» ёзганидек, йирик немис компаниясининг дилери эди. Газета унинг номини келтирмади, бироқ бу немис компанияси санкциялар туфайли Россия бозорини тарк этгани ва шартномани бажара олмаганини таъкидлайди. Дилер ҳам пулдаги фарқнинг бир қисмини олган.

Бу борада жиноий иш 2023 йил июл ойида очилган, ўша йилнинг октябр ойида Ляхович ва унинг бош ҳисобчиси Виктор Билко ушланган. Белков аввалроқ ушбу иш бўйича гумонланувчи сифатида сўроқ қилинган эди. Тез орада тергов суддан ҲҚК раҳбарини ҳибсга олишни сўраши кутилмоқда. 

Россия Мудофаа вазирлиги ва Бош штабида шов-шувли қўлга олишлар 

«Коммерсант»нинг таъкидлашича, Андрей Белковга нисбатан бошқа даъволар ҳам пайдо бўлиши мумкин, чунки унинг ишини собиқ мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов назорат қилган - у апрел ойида жуда катта миқдорда пора олганликда айбланиб ҳибсга ташланган. Иванов билан бирга яна икки айбланувчи ҳам ҳибсда сақланмоқда.

Май ойида Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигининг кадрлар бўлими бошлиғи Юрий Кузнецов қўлга олинди. У ҳам пора олишда айбланмоқда. Бундан ташқари, Россия Мудофаа вазирлигини танқид қилган 58-армиянинг собиқ қўмондони Иван Попов ҳибсда. У фирибгарликда айбланмоқда. 
 
Май ойи охирида Россия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғининг собиқ ўринбосари, генерал-лейтенант Вадим Шамарин ҳибсга олинган эди. У 36 миллион рубл миқдорида пора олганликда айбланмоқда ва айбини қисман тан олган. 

Мавзуга оид