Жаҳон | 08:11 / 25.07.2024
1951
3 дақиқада ўқилади

UniCredit Россиядаги бизнесини қисқартириши мумкин

Италиянинг UniCredit банки 2025 йил охиригача Россиядаги мижозларга кредит бериш ҳажмини ярмидан кўпроққа қисқартиришни режалаштирмоқда. Бироқ, банк ўз активлари давлат томонидан мусодара қилинишидан хавотирланиб, Россия Федерациясидан тўлиқ чиқишга интилмаяпти.

Фото: Андрей Любимов / РБК

Италиянинг UniCredit банк гуруҳи Россиядаги мижозларга кредит бериш ҳажмини 2025 йил охиригача июн ойи охиридаги 2,3 миллиард евродан 1 миллиард евродан камайтирмоқчи. UniCredit ўзининг Россия бизнесидаги трансчегаравий тўловлар ҳажмини шу даврда 11,2 миллиард евродан 8,5 миллиард еврогача камайтирмоқчи, деб хабар берди Reuters 24 июл, чоршанба куни. 

Шу билан бирга, Reuters агентлигининг таъкидлашича, UniCredit гуруҳи ҳали Россия бозоридан бутунлай чиқиб кетишга интилмаяпти. Унинг ижрочи директори Андреа Орсел «Россия ҳукуматига аралашиш ва банкнинг маҳаллий активларини назорат қилиш учун баҳона берадиган ҳар қандай қадамни қўйишни» истамаслигини айтди. 

Гуруҳ ҳисоботи шуни кўрсатадики, иккинчи чоракда UniCredit Россия бизнесининг соф фойдаси йиллик ҳисобда 1,5 бараварга - 116 миллион еврогача камайди. Ўтган чорак билан солиштирганда, UniCredit Россиядаги шуъба корхоналарининг фойдаси 1,8 баробар камайди. 

ЕМБ UniCredit’дан Россиядаги бизнесини тезда тугатишни талаб қилди 

Германиянинг Handelsblatt нашрига кўра, йил бошида Европа Марказий банки (ЕМБ) ёзма равишда UniCredit’дан Россиядаги бизнесини тугатишни тезлаштиришни талаб қилган. Италияликлар Европа регуляторини ўз талабларини аниқлаштиришга мажбурлаш учун Люксембургдаги Европа Иттифоқи судига даъво аризаси билан жавоб беришди. Орcелнинг таъкидлашича, ЕМБ кўрсатмаларига баъзи соҳаларда риоя қилиш Россия қонунчилигига мос келмаслиги мумкин. 

Май ойи ўрталарида Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти арбитраж суди Россиянинг «Русхимальянс» компанияси талабига биноан UniCredit’нинг Россия Федерациясидаги активлари ва ҳисоб рақамларини 462,67 миллион евро ҳажмида хатловга олди. «Газпром»га тегишли бўлган ушбу компания 2021 йилда Германиянинг Linde концерни билан Уст-Лугада табиий газни қайта ишлаш заводини қуриш бўйича шартнома имзолади ва унга аванс ўтказди. Бироқ, немис ҳамкори Европа Иттифоқи санкциялари туфайли лойиҳадан чиқди ва кафил банклар бу суммани қоплашмади, чунки Россия компаниясига пул ўтказиш ҳам санкциялар режимини бузиш ҳисобланади. 

UniCredit Россияда фаолиятини давом эттираётган Австриянинг Raiffeisen Bank International (RBI) гуруҳидан кейин иккинчи йирик Ғарб банкидир. ОАВ хабарларига кўра, ЕМБ, шунингдек, RBI’дан Россия Федерациясидаги бизнесини тугатишни тезлаштиришни талаб қилмоқда. Шунингдек, АҚШ молия вазирлиги Россияда бизнес юритувчи Европа банклари АҚШ санкцияларига дучор бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид