Жаҳон | 10:34 / 25.07.2024
1774
2 дақиқада ўқилади

ЕИ давлатлари Украинага 4,2 млрд евро ажратишга келишиб олди

Европа Иттифоқининг молиявий ёрдами туфайли Украина маош ва пенсияларни тўлашни давом эттира олади. Бундан ташқари, пул уруш натижасида вайрон бўлган инфратузилмани тиклаш учун ишлатилиши мумкин.

Фото: Lukasz Kobus/European Union | CC BY 4.0

Европа Иттифоқи давлатлари Россия ҳужумига учраган Украинага салкам 4,2 миллиард евро молиявий ёрдам ажратишга келишиб олди. Пул янги кўп йиллик қўллаб-қувватлаш дастури доирасида тақдим этилмоқда ва, хусусан, вайрон бўлган инфратузилмани тиклаш, мамлакатни модернизация қилиш учун сарфланади. Бу ҳақда 24 июл, чоршанба куни Венгриянинг Европа Иттифоқидаги раислиги маълум қилди. Европа кенгаши энди бу қарорни ёзма равишда тасдиқлаши керак.

Европа комиссияси бир ҳафта олдин Украина молиявий ёрдам кўрсатиш шартлари сифатида илгари сурилган бир қатор талабларни бажарганини таъкидлаб, тўловни тавсия қилди, деб эслатади dpa агентлиги. Гап, хусусан, солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва иқтисодий жиноятларга қарши янада самаралироқ курашиш бўйича ислоҳотлар, шунингдек, давлат компаниялари бошқарувидаги ўзгаришлар, миллий энергия ва иқлим режасини қабул қилиш зарурати ҳақида борган.

Европа Иттифоқининг янги ёрдам дастури тўрт йил давомида 50 миллиард евро миқдорида молиявий ёрдам кўрсатишни назарда тутади. Бунинг 33 миллиард евроси кредит, қолгани эса грант кўринишида тўланади. Оралиқ молиялаштириш учун жами 7,9 миллиард евро ажратилган. Европа Иттифоқи Украина давлати маош ва пенсияларни тўлашда давом этишини таъминлаш учун молиявий ёрдамдан фойдаланмоқчи. Бундан ташқари, шифохоналар, мактабларнинг ишлаши ва кўчирилганлар учун уй-жой ажратилиши кафолатланиши керак. Шунингдек, пул Россия уруши натижасида вайрон бўлган инфратузилмани, жумладан, электр узатиш линиялари, сув тизимлари, йўллар ва кўприкларни тиклашга ҳам сарфланиши мумкин. Ўтган йили ЕИ жами 18 миллиард евро миқдорида молиявий ёрдам кўрсатди. 

Мавзуга оид