Ўзбекистон | 20:49 / 27.07.2024
12919
5 дақиқада ўқилади

Қувасой ҳокими билан боғлиқ можаро келиб чиққан кейтеринг лойиҳасида муассис ўзгарди

Қувасойда боғча болаларини кейтеринг тизими асосида овқатлантириш бўйича Ўзбекистондаги биринчи лойиҳа иш бошлади. Компанияга боғчаларни бириктиришда тендер ўтказилмаган. Шунингдек, лойиҳанинг дастлабки эгалари ва шаҳар ҳокими ўртасида келишмовчилик келиб чиққач, муассис ўзгарган. Аввалроқ лойиҳа ташаббускори ва турк инвестори Kun.uz'га берган интервюларида шаҳар ҳокимини лойиҳани ўзиники қилиб олишга уринаётганликда айблаган эди.

Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров корхона билан танишмоқда.

Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида турк инвестори иштирокида бошланган, кейин шаҳар ҳокими билан боғлиқ можаро келиб чиққан лойиҳа – боғча болаларини кейтеринг усулида овқатлантириш хизмати ўз ишини бошламоқда.

Вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров 25 июл куни имзолаган қарорга кўра, “Garden Catering” хусусий корхонаси 1 августдан эътиборан Қувасой шаҳрида жойлашган, овқатлантиришнинг аутсорсинг усули йўлга қўйилмаган давлат боғчаларига кейтеринг хизматини кўрсата бошлайди.

Бу амалиёт ҳужжатда “кейтеринг усулида соғлом овқатлантириш” дея номланган ва тажриба-синов натижаларидан келиб чиқиб, йил якунига қадар Фарғона шаҳридаги давлат боғчаларига ҳам жорий этилиши белгиланган.

Шаҳар ҳокими лойиҳани ўзиники қилиб олишга уринганликда айбланган эди

Kun.uz бу лойиҳа ҳақида шу ой бошида суриштирув эълон қилган эди. Унда лойиҳа ташаббускори бўлган фуқаро Муаззам Иброҳимова ва туркиялик инвестор Али Кирлангич Қувасой шаҳри ҳокими Зафар Тўрақуловни лойиҳани ўзиники қилиб олишга уринганликда айблаган эди. Ҳоким айбловларни рад этган бўлса-да, Kun.uz таъсис этилган фирмадаги 40 фоизлик улуш ҳокимнинг қариндоши номига расмийлаштирилганини аниқлаганди.

Вилоят ҳокимининг қарорида келтирилишича, 1 августдан бошланадиган лойиҳани “Garden Catering Trade” МЧЖ қўшма корхонаси амалга оширади. Бу – Kun.uz суриштирувида сўз борган “Turan Catering International”дан бошқа корхона (шу йил 21 июнда рўйхатдан ўтказилган, таъсисчилар ҳам бошқа шахслар), лекин у ҳам Қувасой шаҳрининг Пакана маҳалласида жойлашганидан келиб чиқилса, ҳоким билан боғлиқ можаро ортидан кейтеринг лойиҳасининг муассиси ўзгаргани англашилади.

Қувасойда иш бошлаган кейтеринг корхонаси / Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Муассис ўзгаргач, вазирлик билан келишиш талаби бекор қилинган бўлиши мумкин

Суриштирув давомида Kun.uz боғланган ҳоким Зафар Тўрақулов лойиҳани ишга тушириш учун болаларни овқатлантириш масаласида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан келишиш кераклигини айтганди. Бироқ лойиҳа муассиси ўзгаргач, маҳаллий расмийлар вазирлик билан келишув талабини олиб ташлаган бўлиши мумкин, чунки белгиланган тартибда тендер ўтказилмаган, вазирлик Kun.uz'га тақдим этган изоҳда ҳам келишув бўлгани ҳақида айтилмаган.

Таъкидлаш керак, Ўзбекистонда боғча болаларини кейтеринг усулида овқатлантириш масаласи ҳали қонунчилик билан тартибга солинмаган. Шундай бўлса-да, вилоят ҳокими 25 июл кунги қарорига асос сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 июндаги 407-сонли қарорини кўрсатган. Модомики, ҳокимнинг қарорига ҳукуматнинг 407-сонли қарори асос бўлган экан, у ҳолда ҳокимлик тендер ўтказиши керак эди. Чунки ушбу ҳукумат қарорига биноан, давлат боғчаларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов натижаларига кўра ташкил этилиши керак. Бу тартиб ҳукуматнинг 2019 йилдаги бошқа бир қарорида ҳам белгилаб қўйилган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Kun.uz'га берган изоҳида айтилишича, бугунги кунда давлат боғчаларида кейтеринг усулида овқатлантириш тизими жорий этилмаган. Уни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳам мавжуд эмас.

Ҳозирча фақат аутсорсинг усулида ҳамда таъминотчилар орқали озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш билан овқатлантириш тартиби бор. Шунга кўра, айни вақтда республикадаги 1 782 та МТТда аутсоринг тизими, қолганларида эса таъминотчилар маҳсулотни етказиб бериши орқали овқатлантириш йўлга қўйилган.

Шунингдек, ҳоким қарорига илова қилинган “Давлат мактабгача таълим ташкилотларида кейтеринг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш тартиби” республика даражасидаги ҳеч қайси ҳужжатда ўз аксини топмагани айтилди.

Ҳокимлик изоҳи

Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати, Kun.uz сўровига жавобан, “Garden Catering”ни танлаб олишда тендер ўтказилмаганига изоҳ берди. Ҳокимнинг матбуот котиби Дилмурод Жумабоевнинг айтишича, Фарғона водийсида кейтеринг хизматини кўрсатувчи корхона йўқ, ҳудуддаги боғчаларда овқатланиш тизими қониқарсиз ҳолатга келган, шу сабаблар туфайли “Garden Catering” қўшма корхонаси 5 ойлик синов учун танлаб олинган.

5 ойлик тажриба якунларидан келиб чиқиб, бу амалиётни оммалаштириш бўйича ММТВ билан иш ташкил этилади, деди у. 

Мавзуга оид