Жаҳон | 11:40 / 28.07.2024
14681
5 дақиқада ўқилади

Жўлан тепаликлари ўққа тутилиши оқибатида 12 бола ҳалок бўлди

Қурбонларнинг барчаси 10-20 ёш оралиғидаги болалар ва ўсмирлар. Зарба болалар футбол ўйнаётган стадионга келиб тушган, яна ўнлаб кишилар жароҳатланган. Исроил бу ҳужумда «Ҳизбуллоҳ»ни айбламоқда, ливанликлар рад этган.

Фото: Hassan Shams / AP / Scanpix / LETA

Исроил томонидан назорат қилинадиган Жўлан тепаликлари ўққа тутилиши оқибатида 12 киши ҳалок бўлган, яна ўттиз нафар атрофидаги одам жароҳатланган. Исроил томонидан оккупация қилинган ҳудуддаги футбол майдони ҳужумга учраган.

Исроил мудофаа армияси ракеталардан бири Маждал-Шамс туманига келиб тушгани ҳақида хабар берган.

Хабарларга кўра, жароҳатланганларнинг ҳам кўпчилиги болалар ва ўсмирлардир.

Ҳақиқийлиги тасдиқланган видеода футбол майдонида йиғилган одамлар акс этган; унда шунингдек жабрланганлар замбилларда тез ёрдам машиналари етиб келишини кутган ҳолда ётганини кўриш мумкин.

Исроиллик ҳарбийлар ҳужумда Ливандаги шиаларнинг ҳарбийлашган «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатини айблаган, ливанликлар гуруҳи медиа-офиси раҳбари Муҳаммад Афиф эса Исроил шимолидаги «Маждал-Шамсда рўй берган ҳодисага қандайдир алоқадорлиги»ни рад этган ва барча айбловлар ёлғонлигини айтган.

Аммо зарба оқибатлари акс этган кадрлар пайдо бўлишидан олдинроқ «Ҳизбуллоҳ» тўрт зарба, хусусан, Хермон тоғи этагидаги «Хермон» бригадаси ҳарбий штабига йўлланган зарба учун жавобгарликни ўз зиммасига олганди. База портлаш рўй берган футбол майдонидан тахминан уч километр масофада жойлашган.

The Jerusalem Post маълумотига кўра, 27 июл куни кечқурун Исроил жануби бўйлаб ўнлаб ракеталар учирилган.

Бу ҳужумлар Исроилнинг Ливан ҳудудига йўлланган ва тўрт нафар жангари ҳалок бўлган зарбасига жавобан амалга оширилди.

Айни вақтда АҚШда бўлиб турган Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ватанга режалаштирилганидан олдинроқ қайтишини маълум қилган. Шанба куни ёрдамчилари уни вазият ҳақида хабардор қилган.

Мамлакат ташқи ишлар вазири Исраэл Кац Исроилнинг «12-канал»и эфирида шундай деган: «Биз катта уруш қаршисида турибмиз».

Исроил президенти Исҳоқ Ҳерцог ҳодисани «қўрқинчли ва шокка туширувчи фалокат» деб атаган ва «Исроил давлати ўз фуқаролари ҳамда ўз суверенитетини қатъият билан ҳимоя қилиши»ни билдирган.

Ливан ҳукумати қисқача баёнот билан чиқди ва тинч аҳоли вакилларига қарши ҳар қандай зўравонлик ва тажовузкорлик ҳаракатларини қоралашини билдириб, барча фронтларда ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирди. «Тинч аҳолига ҳужум халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузиш ва инсонпарварлик тамойилларига зиддир», дейилган баёнотда.

2023 йил октябрида Ҳамас аъзолари Исроилга ҳужум қилганидан кейин Исроил ва Ливан чегараси ҳам нотинч бўлиб қолган.

Маждал-Шамс — Жўлан тепаликларидаги тўртта аҳоли яшаш манзилларидан бири бўлиб, бу ерда 25 минг атрофидаги друзлар истиқомат қилиб келади — улар XI асрда пайдо бўлган шиаларнинг диний гуруҳи (фирқа) ҳисобланади. Друзлар араб тилида гаплашади.

1981 йилда, Исроил Жўлан тепаликларини аннексия қилганида (1967 йилга қадар бу ҳудуд Сурия назорати остида эди; жаҳон ҳамжамиятининг аксар қисми ушбу ҳудуд аннексиясини тан олмаган), друзларга Исроил фуқаролиги таклиф этилган, аммо уларнинг фақат бир қисми буни қабул қилган. Уларнинг аксари ҳамон ўзини Сурия фуқаролари деб билишади.

Исроилда Жўлан тепаликларидаги друзлар таълим олиш ва ишлаш ҳуқуқига эга, аммо фақат Исроил фуқаролигини қабул қилганларгина овоз бериш ҳуқуқига эга (шу билан бирга, улар армияда хизма қилишга ҳам мажбур).

Исроилнинг тан олинган ҳудудларида ҳам друзларнинг жамоалари мавжуд. Улар мамлакат аҳолисининг атиги 1,5 фоиз қисмини ташкил этади, барча фуқаролар каби ҳуқуқларга эга ҳамда армияга чақирилади: улар Исроил мудофаа армияси ҳарбий хизматчилари орасида яҳудийлардан кейинги ўринда турувчи энг йирик этник гуруҳ ҳисобланади.

Шанба куни Нетаняҳу исроиллик друзлар раҳнамоси, шайх Мувафақ Тарифга ҳам қўнғироқ қилган. «„Ҳизбуллоҳ“ бунинг учун мисли кўрилмаган даражада тўлов қилади», — дея ишонтирган у.

Мавзуга оид