Ўзбекистон | 18:27 / 31.07.2024
4373
3 дақиқада ўқилади

Ҳазораспда касаначи деҳқоннинг 1500 тут ниҳоли нобуд қилинди

Касаначи сифатида пилла етиштириш учун шартномаси бўлган деҳқоннинг 1500 туп тут ниҳоллари трактор билан пайҳон қилинган. Деҳқон прокуратуранинг ҳаракатсизлигидан шикоят қилмоқда.

Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида шартнома асосида пилла етиштириш учун тут ниҳолларини эккан касаначи Отабой Бобоев Kun.uz'га мурожаат қилди. Унинг сўзларига кўра, ўзи ва ўғли (касаначилик унинг номига расмийлаштирилган) Тошкентда бўлган вақтда, экилган тут ниҳоллари бошқа бир субъект томонидан пайҳон қилиниб, ўрнига шоли экиб юборилган.

“Мана шу турган жойимиз эски тутзор бўлган, шу ерга 2024 йил 20 феврал куни “Хоразм пилла” корхонаси билан касаначилик бўйича шартнома тузиб, апрел ойида 1500 туп тут эккан эдик. Ҳар бир туп ниҳолни 2 минг сўмдан олганмиз, корхонанинг ўзи сотган. Сотган, олган одамларнинг ҳаммаси бор.

Май ойида мени озгина мазам қочиб, Тошкентга кетдим, ўғлим орқамдан борди. Шу вақтда ерни тутлар билан бирга трактор билан суриб юборишибди, “катталар” айтишди деб, шоли экиб юборишибди.

21 июн куни туман прокурорининг олдига бориб, ариза билан мурожаат қилдим. Касаначи Бобоев Асқарнинг отаси эканимни, тутлар нобуд қилинганини айтдим. “Сизни ҳаққингиз йўқ ариза беришга, сиз фақат пиллани боқиб берасиз”, деди. Дилшод исмли катта прокурорнинг қабулига бордим. “Кимдан тут кўчатини олгансиз, кимлар эккан, қачон эккансиз, мана шу нарсаларни ёзиб берасиз, 3-4 кунда ишингизни ҳал қилиб берамиз” дейишди. Мана бугун 17 июл (деҳқон видеомурожаатни ёзган кун – таҳр.), тўрт кундан кейин бир ой тўлади ариза топширганимга. “Касаначининг отаси бўла туриб унинг номидан ариза беришга ҳаққингиз йўқ” дейишди. 1500 туп тутни бузилганига прокурор индамаса, ички ишлар индамаса, экология индамаса?

Бу ерни аввал ўзим ниҳол экишга тайёрлаганман, бу ерлар ташландиқ жой бўлган”, – дейди Отабой Бобоев.

Ҳазорасп туман прокурори Дилшод Мадиримов Kun.uz мухбири билан телефон орқали суҳбатда ҳолатга изоҳ бериш учун аввал ҳолатни ўрганиб чиқишини айтди. Аммо бир неча кун давомида қилинган такрорий қўнғироқларга жавоб бермади.

Маълум бўлишича, “Хоразм пилла” корхонаси ушбу ер бўйича 19 июн куни бошқа бир касаначи билан шартнома тузган, у эса тут экилган жойга шоли эккан.

Мавзуга оид