Жаҳон | 10:51 / 01.08.2024
4395
3 дақиқада ўқилади

Россияда YouTube ишида узилиш юз берди

Мурманскдан Владивостоккача бўлган фойдаланувчилар YouTube'га кириш ва видеоларни томоша қилишда муаммолар борлигидан шикоят қилмоқда, дея аниқлади Downradar. Аввалроқ Давлат думаси видеохостинг иши сунъий равишда секинлаштирилишини эълон қилган эди.

Фото: Reuters

Россияда 1 август, пайшанбага ўтар кечаси YouTube видеохостинги ишида носозлик юз берди. Бу Downdetector ва Downradar хизматларидан олинган маълумотлардан келиб чиқади. Фойдаланувчилар сайтга киришда ҳам, видеоларни кўришда ҳам муаммолар ҳақида хабар берди.

Муаммоларнинг энг юқори нуқтаси Москва вақти билан соат 00.00 атрофида аниқланди. Шу пайтда Downdetector фойдаланувчиларнинг 400 дан ортиқ шикоятларини қайд этган. Бир соатдан кейин шикоятлар сони 275 тага, Москва вақти билан 06.30 га келиб эса 111 тага камайди.

Мурожаатларнинг аксарияти Москва ва Москва вилояти аҳолиси томонидан қайд этилган, дея аниқлик киритади Downdetector. Бундан ташқари, Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти, Краснодар ўлкаси ва Новосибирск вилоятидан шикоятлар келиб тушди. Шу билан бирга, Downradar хизмати Россия Федерациясининг Владивосток, Иркутск, Красноярск, Мурманск, Ростов-Дон, Твер, Уфа, Челябинск ва бошқа вилоят марказларидан келган шикоятлар ҳақида ёзди.

«Ростелеком» РФда YouTube иши билан боғлиқ муаммолар ҳақида огоҳлантирди

Июл ойи ўрталарида «Ростелеком» оператор тармоқ инфратузилмасида фойдаланиладиган Google ускунаси ишлашидаги техник носозликлар туфайли Россиядаги фойдаланувчилар учун YouTube'даги эҳтимолий узилишлар ҳақида огоҳлантирган эди. «Ростелеком» айтиб ўтган Google Global Cache тизими оғир маълумотларни юклашни тезлаштиришга имкон беради. ComNews Research ихтисослашган нашри маълумотларига кўра, 2022 йил бошида Россия Федерациясида фаолият кўрсатаётган 700 та шундай сервердан 2023 йил охирига келиб атиги 450 таси қолган. Бозор иштирокчилари ускунанинг табиий эскириши ҳақида огоҳлантирган.

Россия Давлат думаси депутати Александр Хинштейн 25 июл куни Россия расмийлари яқин кунларда YouTube ишини секинлаштира бошлашини айтди. Парламент аъзосининг сўзларига кўра, август ойи бошига бориб, хизматни иш столи компютерларига юклаб олиш тезлиги 70 фоизга тушади. Бироқ, секинлашув ҳали сайтнинг мобил версиясига таъсир қилмайди, деб ишонтирди Хинштейн.

Депутат бу чорани Россия расмийларининг «мажбурий қадами» деб атади. У YouTube'ни Россия қонунчилигини менсимасликда айблади ва сервис вакилларини видеохостинг сиёсатини ўзгартиришга чақирди.

Шаман, Гагарина, Газманов, Чичерина каналлари блокланиши 

Июл ойи бошида YouTube Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкциялари 14-пакетига киритилган қўшиқчилар Ярослав Дронов (Шаман) ва Полина Гагаринанинг расмий каналларини блоклаб қўйди. Олег Газманов, Юлия Чичерина, Григорий Лепс ва меҳмонлари Россиянинг Украинага ҳужумини оммавий равишда қўллаб-қувватловчи «Эмпатия Манучи» шоуси муаллифи, актёр Вячеслав Манучаровнинг каналлари ҳам блокланди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид