Трамп маҳбусларнинг алмаштирилиши АҚШ учун манфаатли бўлганига шубҳаланди
Собиқ президент алмашув шартларини ошкор қилишга чақирди.
АҚШ собиқ президенти, Республикачилар партиясидан президентликка номзод Доналд Трамп Россия билан маҳбусларни айирбошлаш бўйича келишув доирасида америкалик фуқароларнинг ватанга қайтганидан мамнун, бироқ бу Вашингтон учун манфаатли шартлар асосида амалга оширилганидан гумонда. Бу ҳақда Fox Business ёзди.
«Одатдагидек, бу Россия ёки биз билан алоқада бўлган бошқа давлатларнинг ғалабаси бўлди. Лекин биз ҳеч бўлмаганда ватандошларимизни уйга олиб келдик, шунинг учун мен бу жиҳатни танқид қилмайман», деди у.
Трамп келишувлар тафсилотларини билмаслигини, аммо барибир улар ўз мамлакати учун унчалик фойдали эмаслигига ишонишини таъкидлади.
«Мен улар (АҚШ расмийлари) бу ҳолатда нима қилганини билмайман. Улар бу жуда мураккаб битим эканини эълон қилди. Одатда бу «Биз ёмон битим туздик, аммо ҳеч ким тушунмаслиги учун уни атайлаб қийинлаштирдик» деган маънони англатади», деди Трамп.
Трампнинг айтишича, агар у президент бўлганида журналист Эван Гершкович Россияда қамоққа олинмаган ва қайтарилган бўлар эди. У келишувга қандай эришилганини тасаввур ҳам қилолмаслигини, қандайдир тўлов ҳам бўлиши мумкинлигини тан олди. Унинг эслатишича, охирги марта Қўшма Штатлар шунга ўхшаш алмашинув пайтида Эронга 6 миллиард доллар тўлаган.
«Биз ҳеч нарса тўлашимиз шарт эмас эди. Биз дунёдаги энг машҳур қотилларни қўйиб юборишимиз шарт эмас эди. Аммо келишув жуда мураккаб бўлган», деди Трамп.
Аввалроқ, Трамп 1 август куни Анқара аэропортида бўлиб ўтган маҳбусларни айирбошлаш келишуви тафсилотларини ошкор қилишга чақирган эди.
Мавзуга оид
14:22
АҚШ: КХДР аскарлари аллақачон Украинага қарши урушда қатнашмоқда
08:32
Ҳегсет, Рэтклифф, Ноэм, Маск: Трамп асосий лавозимларни тақсимламоқда
00:30
«Депортация, чегара девори, бекор қилинадиган гуманитар ёрдамлар». Трамп президентлигининг илк кунида нималар қилиши маълум бўлди
22:03 / 12.11.2024