Анқарада Россия ва Ғарб ўртасида маҳбуслар алмашинуви бўлиб ўтди
Россия бир қанча сиёсий маҳбусларни, жосусликда айбланганларни Ғарбга топширди. Эвазига, Ғарбдан жосуслик, қотиллик, ҳакерлик ва бошқа жиноятларда айбланганларни олди.
Туркия Миллий разведка ташкилоти (MIT) етти давлатдан 26 нафар маҳбусни алмашиш бўйича операцияда воситачи бўлди. Бу ҳақда TRT Haber телеканали хабар берди.
Алмашинувда Россия, Беларус, АҚШ, Германия, Полша, Словения ва Норвегия вакиллари иштирок этган.
Операция доирасида Россияга 10 киши берилди (2 нафари вояга етмаган бола). Россия эса 13 кишини Германияга, 3 кишини АҚШга топширилди. Маҳбуслар Туркияга самолётларда етказилди.
Россия кимларни олди?
Вадим Красиков - ёлланма қотил, Россия Федерал хавфсизлик хизматининг «Вимпел» бўлимида хизмат қилган, бир қатор буюртма қотилликларнинг ижрочиси бўлган, жумладан 2007 йилда тадбиркор Александр Козлов, 2015 йилда тадбиркор Алберт Назранов, 2019 йилда Германияда чечен қочқинлари Зелимхон Хангошвили ва бошқаларни ўлдирган. Красиков Германияда ҳибсга олиниб, узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Артём Дулцев ва Анна Дулцева, шунингдек, уларнинг икки фарзанди. Жуфтлик Словенияда яшаб, ўзларини Аргентина фуқаролари сифатида кўрсатишган. Улар 2022 йил охирида Люблянада Интерпол томонидан ҳибсга олинган. Улар Россия фойдасига жосуслик қилганини тан олган.
Павел Рубцов – Россия Давлат разведка бошқармаси агенти. 2022 йил февралда ўзини испан журналисти Пабло Гонсалес деб таништириб, Полшада Россия фойдасига жосуслик қилган. Полша томонидан Украина чегарасида ҳибсга олинган.
Роман Селезнёв – ҳакер, АҚШда компютер фирибгарлиги ва шахсий маълумотларни ўғирлаганликда айбланиб, 27 йилга озодликдан маҳрум этилган. Унинг жазоси АҚШ тарихидаги кибержиноятлар учун тайинланган энг катта жазо эди.
Владислав Клюшин – бизнесмен, 2023 йил 7 сентябрда АҚШ суди уни инсайдер савдосида айбдор деб топиб, 9 йилга озодликдан маҳрум қилган. У қимматли қоғозлар бозорида махфий маълумотлардан молиявий фойда олиш учун ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ схемада иштирок этганликда айбланган.
Михаил Микушин – 2022 йил май ойида Норвегия суди томонидан Россия фойдасига жосусликда айбланиб, ҳибсга олинган.
Вадим Коношченок - «Серния» контрабанда тармоғи иштирокчиларидан бири. Ушбу тармоққа кирувчи компаниялар АҚШдан юқори технологияли ускуналарни ноқонуний экспорт қилиб, Европа Иттифоқи давлатлари орқали Россия давлат компанияларига етказиб берган. Коношченко 2022 йил ноябр ойида Нарвада (Эстония) ўз машинасида контрабанда товарларини Россияга олиб кетаётган вақтда қўлга олинган.
Россия кимларни берди?
Владимир Кара-Мурза - 2023 йил апрел ойида Россия суди уни 25 йилга озодликдан маҳрум қилди. У армия ҳақида «ёлғон хабарлар» тарқатиш, номақбул ташкилот билан ҳамкорлик қилиш ва давлатга хиёнат қилишда айбланди.
Иля Яшин - 2022 йил 9 декабрда Москва суди уни Россия армияси ҳақида «сохта» маълумотларни тарқатиш моддаси бўйича 8,5 йилга умумий режимли колонияга ҳукм қилди, бу ўша вақтда ушбу модда бўйича энг оғир жазо бўлган.
Алсу Курмашева - «Idel.Реалии» (Озодлик радиоси лойиҳаси) муҳаррири, Россия ва АҚШ фуқароси. Чехиянинг Прага шаҳрида яшаган ва ишлаган. 2023 йил май ойида Курмашева оилавий сабабларга кўра Россияга борганида ҳибсга олинган. Татаристон Олий суди уни Россия армияси ҳақида «сохта хабарлар» тарқатгани учун 6 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилди.
Эван Гершкович - The Wall Street Journal журналисти, АҚШ фуқароси. Россияда жосусликда айбланиб, 16 йилга озодликдан маҳрум этилди. Гершкович замонавий Россия тарихида шундай айбловлар билан ҳибсга олинган биринчи хорижий журналист бўлди.
Олег Орлов - 70 ёшли инсон ҳуқуқлари фаоли, «Мемориал» ташкилоти раиси. 2024 йил 27 февралда Россия суди Орловни «нацизмни реабилитация қилиш» моддаси бўйича 2,5 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Александра Скочиленко – рассом, 2023 йил 16 ноябрда Санкт-Петербург суди Александрани Россия армияси ҳақида «сохта хабарлар» тарқатгани учун 7 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Андрей Пивоваров - «Открытая Россия» ташкилотининг собиқ раҳбари. Унга нисбатан номақбул ташкилот фаолиятини амалга ошириш моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. 2022 йил июл ойида 4 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Ксения Фадеева – Алексей Навалнийнинг Томскдаги штаб-квартираси собиқ раҳбари. 2023 йил декабр ойида ўз мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда экстремистик жамият фаолиятини ташкил этиш, фуқароларнинг шахси ва ҳуқуқларини поймол қилувчи нотижорат ташкилотда иштирок этишда айбланиб, 9 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
Лилия Чанишева - Алексей Навалнийнинг Уфа штаб-квартираси собиқ раҳбари, 2021 йил ноябрида ҳибсга олинган. У экстремистик жамият фаолиятини ташкил этишда айбланиб, 2023 йилда 7,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 2024 йилда Бошқирдистон Олий суди жазони 7,5 йилдан 9,5 йилгача кучайтирди.
Вадим Останин – Алексей Навалнийнинг Барнаул штаб-квартираси собиқ раҳбари. 2021 йил декабр ойида ҳибсга олинган, унга нисбатан экстремистик жамият ва нотижорат ташкилотда шахсга тажовуз қилувчи иштироки учун жиноий иш очилган. 2023 йил июл ойида 9 йилга умумий тартибли колонияга ҳукм қилинди.
Рико Кригер - Германия Қизил Хоч жамиятининг собиқ ходими, шифокор. 2023 йил октябр ойида Беларусда ҳибсга олинган. Унга олтита модда: ўқотар қуролга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар, транспорт ёки алоқа воситаларини яроқсиз ҳолга келтириш, экстремистик гуруҳ тузиш ёки уларда қатнашиш, яширин фаолият, ёлланма ҳаракат ва террорчилик акти бўйича айблов қўйилди. Кригер суд томонидан ўлимга ҳукм қилинди. 2024 йил 30 июлда Беларус президенти Александр Лукашенко Кригерни афв этди.
Герман Мойжес - ҳуқуқшунос, велоспорт ҳаракати идеологи, Германия ва Россия фуқароси. У давлатга хиёнатда айбланиб, ҳибсга олинган.
Кевин Лик – 18 ёшли Германия фуқароси, Россияда давлатга хиёнатда айбланган биринчи мактаб ўқувчиси бўлди. 2023 йил декабрида 4 йилга умумий тартибли колонияга ҳукм қилинган. Суд қарорида айтилишича, у Майкопдаги ҳарбий қисм жойлашган ҳудудни суратга олиб, «хорижий давлат вакили»га электрон почта орқали юборган.
Демури (Дитер) Воронин - Россия ва Германия фуқароси. 45 ёшли сиёсатшунос. 2021 йил февралида Россияга борганида қўлга олинган. Давлатга хиёнатда айбланган журналист Иван Сафроновдан маълумот олганликда, кейин уни хорижий разведка хизматларига сотганликда айбланган. 2023 йил март ойида Москва суди уни давлатга хиёнатда айбдор деб топди ва 13 йилу 3 ойга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилди.
Патрик Шёбел - Германия фуқароси. 2024 йил январ ойида Санкт-Петербург аэропортида 6 та конфет туфайли ҳибсга олинди. Экспертлар конфетлар таркибида марихуана борлигини аниқлади. Шёбел ватанида бундай конфетлар қонуний равишда сотилиши, Россияда бундай гиёҳванд моддаларга тақиқ қўйилгани ҳақида билмагани ва узоқ парвозлар олдидан фойдаланиш учун конфетларни бир йил аввал сотиб олганини айтди. У суд жараёни тугашини кутаётганди.
Пол Уилан - америкалик ҳарбий хизматчи (собиқ денгиз пиёдаси), 2018 йилда Россияга борганида ҳибсга олинди. 2020 йил июн ойида Россияга қарши жосусликда айбдор деб топилиб, 16 йилга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилинди. У айбини тан олмади.
Мавзуга оид
15:11
Анатолий Собчакнинг сирли ўлими: Россиядаги таниқли сиёсатчининг жонига қасд қилинганмиди?
13:07
«Чекмайди ва онда-сонда озгина ичади». Камала Ҳаррис ўз тиббий картасини эълон қилди
23:55 / 12.10.2024
Ҳиндистон Россияга тақиқланган технологияларни етказиб бермоқда — Bloomberg
22:55 / 12.10.2024