Жаҳон | 07:32 / 03.08.2024
2146
3 дақиқада ўқилади

Ҳаррис сайловда қатнашиш учун етарли овоз йиғди

«Мен Демократик партиядан АҚШ президентлигига номзод бўлишдан фахрланаман», деди Камала Ҳаррис. Делегатлар учун виртуал овоз бериш 5 август куни кечқурун ёпилади.

Фото: IMAGO/NurPhoto

АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис Демократик партия делегатлари ўртасида онлайн овоз бериш жараёнида шу йилнинг ноябр ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида партия номзоди сифатида расман кўрсатилиши учун етарлича қўллаб-қувватланди. Бу ҳақда 2 август, жума куни кечқурун Демократлар миллий қўмитаси раиси Жейми Харрисон маълум қилди ва натижалар ҳали расмий эмаслигини таъкидлади.

АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден бу воқеалар ривожини олқишлади. «Мен қабул қилган энг яхши қарорлардан бири Камала Ҳаррисни вице-президент этиб танлаганим бўлди. У энди бизнинг партиямиз номзоди бўлади ва мен бундан фахрланаман», деб ёзди у Facebook’да.

Демократик партия делегатлари қабул қилган электрон сайлов бюллетенларига фақат Камала Ҳарриснинг исми киритилган. Расмий равишда президентликка номзод сифатида кўрсатилиши учун уни камида 1976 делегат қўллаб-қувватлаши керак эди. Виртуал овоз бериш 5 август куни кечқурун тугайди.

Демократик партия қурултойи 19-22 август кунлари Чикагода бўлиб ўтади. Бироқ, Камала Ҳаррис номзоди олдиндан расман тасдиқлангани туфайли у ерда овоз бериш шунчаки расмиятчилик бўлади. 

Камала Ҳаррис - президентлик сайловида қатнашиши ҳақида

«Мен Демократик партиядан АҚШ президентлигига номзод бўлишдан фахрланаман», деди Камала Ҳаррис виртуал овоз бериш пайтида. «Виртуал овоз бериш муддати тугаши билан кейинги ҳафта мен номзодимни расман қабул қиламан», дея қўшимча қилди у. 

21 июл куни Жо Байден, жумладан, партиядошлари томонидан танқидлар кучайиб бораётган бир пайтда, президентлик пойгасини тарк этишини эълон қилди. Унинг аниқлик киритишича, ваколат муддати тугагунга қадар давлат раҳбари сифатида ишлашда давом этади ва Демократик партиядан Камала Ҳаррисни президентликка номзод сифатида кўрсатади.

CNN таъкидлаганидек, 59 ёшли Ҳаррис президентлик сайловларида Демократик партиядан номзод сифатида қатнашадиган биринчи қора танли аёл ва келиб чиқиши осиёлик бўлган биринчи америкалик бўлади.

АҚШда президентлик сайловлари 2024 йил 5 ноябрда бўлиб ўтади. АҚШ Республикачилар партиясидан номзод собиқ давлат раҳбари Доналд Трамп бўлади.

Мавзуга оид