Жаҳон | 07:51 / 06.08.2024
1881
4 дақиқада ўқилади

Киев: Малининг дипломатик муносабатларни узиш ҳақидаги қарори - шошқалоқлик 

Бамако «Мали шимолидаги воқеани чуқур ўрганмасдан», Украина билан дипломатик муносабатларни узишга қарор қилди, дея маълумот берди Киев.

Фото: ИЗВЕСТИЯ/Тарас Петренко

Малидаги ҳукмрон хунта вакили полковник Абдулай Майганинг Украина билан дипломатик алоқаларни зудлик билан узиш ҳақидаги қарори «шошқалоқлик»дир. Бу ҳақда 5 август, душанба куни Украина ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Киев халқаро ҳамжамият кўмагида халқаро ҳуқуққа ҳурматни тиклашга ҳаракат қилмоқда, бу дунёнинг барча, хусусан, Африка давлатларини суверенитетга ҳужумлардан ҳимоя қилишга қаратилган.

Украина расмийлари Бамаконинг Украинанинг «халқаро терроризмни қўллаб-қувватлаётгани» ҳақидаги даъволарини рад этди. 

Украина ташқи ишлар вазирлигининг таъкидлашича, Киев минтақавий хавфсизликни таъминлашда муҳим рол ўйнайди. Украинанинг «кўк дубулғалилар» контингенти БМТ шафелигида, хусусан, 2019-2022 йилларда ташкилот Малидаги миссиялари доирасида бир қатор тинчликпарвар операцияларни амалга оширишга катта ҳисса қўшди, дея қўшимча қилди улар. 

Украина жавоб тариқасидаги сиёсий ва дипломатик чоралар кўришга тайёр

Бамако «Мали шимолидаги воқеа фактлари ва шароитларини чуқур ўрганмасдан ҳамда Украинанинг воқеага алоқадорлигини тасдиқловчи ҳеч қандай далил келтирмасдан» Украина билан дипломатик муносабатларни узишга қарор қилди, деди ТИВ.

Шу билан бирга, Кремл томонидан назорат қилинадиган ҳарбий тузилмалар, хусусан, «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) ёлланма аскарлари террорчилик усулларини қўллаётгани ва кўплаб ҳарбий жиноятлар, тинч аҳолини ўлдириш ва асирларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишда бевосита иштирок этаётгани эътибордан четда қолди. 

Украина барча зарур сиёсий ва дипломатик жавоб чораларини кўриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Мали шимолида тўқнашувлар

Аввалроқ Бамако Украинани Малидаги исёнчиларга ёрдам беришда айблаган, улар ҳукумат тарафдорлари колоннаси ва «Вагнер» ХҲКнинг ёлланма аскарларини мағлуб этганди.

Аввалроқ, 29 июл куни «Разгрузка Вагнера» Telegram-каналида таъкидланишича, Мали ҳукумат армияси (FAM) ва ХҲК 13-ҳужум отрядининг «вагнерчилари» 2024 йил 22 июлдан 27 июлгача Тинзауатен қишлоғи яқинида «Азавад мувофиқлаштирувчи ҳаракати» ва Россия Федерациясида тақиқланган «Ал-Қоида Саҳелда» гуруҳи жангарилари билан жанг қилишди. 

Мали шимолидаги исёнчилар 25 июлдан 27 июлгача бўлган даврда Россиянинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси 84 ёлланма жангчиси, шунингдек, Мали ҳукумати армиясининг 47 аскари йўқ қилинганини билдирди. Бу ҳақда 2 август куни AFP хабар берди. 

Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси («ГУР») вакили Андрей Юсов Украинанинг Малидаги туарег операциясига алоқадорлигига ишора қилди. «Исёнчилар россиялик ҳарбий жиноятчиларга қарши муваффақиятли ҳарбий операция ўтказиш имконини берган ўзларига керакли маълумотларни олдилар», деди у 29 июл куни бўлиб ўтган телемарафонда бошқа тафсилотларни келтирмаган ҳолда. 

Киев ва Бамако дипломатик муносабатларни 1992 йилда ўрнатган. Аммо ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги алоқалар деярли амалга оширилмаган, дея маълум қилди Украина ТИВ.

Мавзуга оид