Ўзбекистон | 21:46 / 07.08.2024
17936
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида ИИО машинасидан сакраган фуқаро вафот этди

Унда бош қисмининг ички ва ташқи жароҳатлари, шилинган, бурун суяги синиши ва бошқа тан жароҳатлари ҳамда алкогол мастлик ҳолати аниқланган.

Фото: Kun.uz

Тошкент вилояти, Оққўрғон туманида Ички ишлар органи машинасидан ўзини ташлаган фуқаро жароҳат олиб, шифохонада вафот этди. Бу ҳақда Тошкент вилояти прокуратураси хабар берди.

Қайд қилинишича, 26 июл куни тунда Оққўрғон тумани, «Ҳамид Олимжон» маҳалласида истиқомат қилган Т.М. «Қўштепа» маҳалласидаги автомобилларни ювиш шохобчасида маст ҳолатда жамоат тартибини бузгани ҳақида аҳоли томонидан мурожаат бўлган.

Чақирувга асосан борган Ички ишлар органи (ИИО) ходимлари уни мастлик тарқалгунига қадар Бўка тумани Тиббиёт бирлашмасига қарашли пунктга (ҳушёрхонага) етказиш учун хизмат автомашинасида олиб кетишган.

Автомашина орқа ўриндиғида ўтирган Т.М. ички ишлар органи ходимларидан қочиш мақсадида, эшикни елкаси билан очиб, ўзини ерга ташлагани таъкидланмоқда. Бўка тумани Тиббиёт бирлашмасининг маълумотига кўра, унда бош қисмининг ички ва ташқи жароҳатлари, шилинган, бурун суяги синиши ва бошқа тан жароҳатлари ҳамда алкогол мастлик ҳолати аниқланган.

Т.М. жарроҳлик амалиёти ўтказиш зарурати сабабли Бекобод тумани Марказий шифохонасига олиб борилган, бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этган.

Ҳолат юзасидан Оққўрғон тумани прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда ИИО ходимлари ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган. Ҳозир тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид