Жаҳон | 08:46 / 08.08.2024
4118
4 дақиқада ўқилади

Россия Украина Курск вилоятида олдинга силжимаганини даъво қилмоқда

Россия Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, Курск вилоятидаги жанглар натижасида ўнлаб кишилар жароҳатланган. Аҳоли ҳудудни тарк этмоқда, бироқ ҳукуматнинг марказлашган эвакуация ҳақидаги баёнотларини инкор этмоқда.

Фото: Anatolii STEPANOV/AFP

Россия Мудофаа вазирлиги Украина Қуролли кучлари бўлинмаларига чегарани бузиб ўтиб, Курск вилоятига киришига йўл қўймаганини даъво қилмоқда. 7 август, чоршанбага ўтар кечаси Россия кучлари ва ФСБ чегарачилари «Курск вилоятининг Россия-Украина чегарасига тўғридан тўғри туташ ҳудудларида Украина Қуролли кучлари тузилмаларини йўқ қилишда давом этишди», деб ёзади Россия ҳарбий департаменти.

Баёнотда айтилишича, Суми вилоятининг Басовка, Журавка, Юнаковка, Беловодий, Кияница, Корчаковка, Новая Сич, Павловка, Городишче аҳоли пунктлари ҳудудларида ҳаводан, ракета ва артиллериядан зарбалар берилган. Шу билан бирга, «операция» давом этмоқда, бу ҳақда қўшимча хабар берилади.

Россия Федерацияси Тергов қўмитаси Курск вилоятидаги жанглар натижасида ўнлаб тинч фуқаролар ва ҳарбий хизматчилар жароҳатланганини қайд этди. «Жиноят кодексининг бир қанча моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилди: террорчилик ҳаракати, қотиллик, ноқонуний қурол ва ўқ-дориларни олиб юриш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ҳаётига тажовуз қилиш ва бошқалар», — деди Россия Тергов қўмитаси вакили Светлана Петренко.

Аҳоли Курск вилоятини тарк этяпти

Курск вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов сўнгги 24 соат ичида Курск вилоятида ўққа тутилган ҳудудни минглаб одамлар тарк этганини айтди. «Бир кечада бир неча минг киши ўққа тутилган ҳудудни шахсий транспортида тарк этди, ҳудудда 2,5 минг ўринли янги вақтинчалик турар жой марказлари жойлаштирилди», деди Смирнов. Унинг сўзларига кўра, «отишма ҳудудларидан 200 дан ортиқ одам олиб чиқилган».

Бундан ташқари, амалдор Россия президенти Владимир Путинни оператив вазият ҳақида телефон орқали хабардор қилганини қайд этди. У вазиятни «шахсий назоратда» ушлаб, вилоятга «ҳар томонлама» ёрдам беришга ваъда берди, дейди вилоят раҳбари. Москва ва Санкт-Петербург шифокорлари Курск вилоятига жўнаб кетишди, дея қўшимча қилди Смирнов.

Шу билан бирга, "7х7" журналисти Екатерина Лобановская аввалроқ DW нашрига «марказлаштирилган эвакуация умуман йўқ, одамлар ўзи кетяпти, маъмуриятдан ёрдам йўқлигини» айтди.

Украинадан Курск вилоятига бостириб киришга уриниш

Бир кун олдин Курск вилоятида жанглар бўлиб ўтди. 6 август куни эрталаб вилоят ҳокимияти, кейинроқ Россия Мудофаа вазирлиги Украинадан Россия чегарасини бузиб ўтишга уриниш ҳақида эълон қилди. Ҳарбий департамент маълумотларига кўра, Украина Қуролли кучларининг 300 га яқин аскари, 11 та танк ва 20 та зирҳли техника Николаево-Дарино ва Олешня ҳудудларида россиялик чегарачиларга ҳужум қилган.

Белгороднинг «Пепел» нашри хабарига кўра, Украина Қуролли кучлари камида олти нафар россиялик ҳарбийни асирга олган. Украина Telegram-каналлари уларнинг баъзилари билан видеоларни тарқатди. Айтилишича, асирлар орасида муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар ҳам бор. Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, захира кучлар минтақага юборилган. 

Мавзуга оид