Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европаликлар Россия икки йил ичида НАТО давлатига ҳужум қилишга уринишини тахмин қилмоқда
Европа Иттифоқидагилар фикрича, Кремлнинг Европага ҳужуми учун «имкониятлар ойнаси» ҳозир очиқ. Аммо барибир бу сценарийни эҳтимолдан йироқ деб ҳисоблашади.
Фото: Sergey Bobylev / Sputnik / Profimedia
Европа давлатлари ҳукуматлари Россия НАТОнинг мустаҳкамлигини синаб кўришга ва яқин икки йил ичида алянс аъзоларидан бирига зарба беришга ҳаракат қилишини тахмин қилмоқда, деб ёзади Politico манбага таяниб. Брюсселдагилар ҳозирда Владимир Путин учун «имкониятлар ойнаси» очиқ, деб ҳисоблайди.
Нашр бунинг икки сабабини келтиради. Биринчидан, АҚШда ҳокимият яна икки йил давомида Доналд Трампда бўлади, у эса сўнгги вақтларда НАТО бўйича иттифоқчилардан аразлаган ва уларни ҳимоя қилишига кафолат бермаяпти. Иккинчидан, Европа Иттифоқи мамлакатларининг ўз мудофаасини кучайтиришга қаратилган шошилинч чоралари режа бўйича фақат 2030 йилга бориб ҳақиқий натижаларни бериши мумкин.
Манбалардан бири Politico нашрига Европадагилар нимадан хавотирда экани бўйича шундай дейди: агар республикачилар ноябр ойида конгрессга бўладиган сайловларда ёмон натижа кўрсатадиган бўлса, унда Трамп НАТО ва Европага босимни янада кучайтириши, Путин эса бундан фойдаланиб қолиши мумкин.
Шу билан бирга, Брюсселда бу вариантни эҳтимолдан йироқ деб ҳисоблайдиганлар ҳам етарлича – уларнинг фикрича, Россия Украина билан урушда ҳолдан тойган ва «иккинчи фронт»да уруш олиб боришга қодир эмас.
Европарламентнинг халқаро ишлар қўмитаси аъзоси Мика Аалтола Politico нашри билан суҳбатда тўғридан тўғри ҳужум эмас, балки қандайдир гибрид сценарий эҳтимоли кўпроқ эканини айтади. Масалан, Путин чегарадош ҳудудда провокация келтириб чиқариши ҳамда НАТОда бу провокация Бешинчи моддани фаоллаштириш масаласида бўлинишга олиб келишига умид қилиши мумкин. Шу тариқа, Кремл АҚШ билан тўғридан тўғри тўқнашувдан қочган ҳолда Украинанинг Европадаги иттифоқчиларига босим ўтказган бўларди.
Аалтоланинг фикрича, бу Болтиқбўйи денгизида ёки Артктика минтақасида дронлар қўллаган ҳолда қандайдир амалиёт ўтказиш бўлиши мумкин. Агар чегара орқали тўлақонли босқин амалга оширилмаса, АҚШ бундай вазиятда «бу у қадар муҳим эмаслиги»ни айтиши ва Яқин Шарқ билан бандлиги шароитида Европага «Россия билан музокара олиб бориш»ни таклиф қилиш билан чекланиши мумкин, деб ҳисоблайди парламентарий.
Шу билан бирга, расмий баҳоларда тўғридан тўғри тўқнашув эҳтимоли пастлигича қолмоқда. «Мен бунинг эҳтимоли жуда паст деб ҳисоблайман. Путиннинг бундай қадамларининг ўз чегараси бор – айниқса, натижа кафолатланмаган бўлса», – дейди Politico нашрига НАТОнинг юқори мартабали дипломати.
Европадаги мудофаа идораларидан биридаги манба ҳам РФ ҳукумати узоқ муддатли истиқболда Ғарб билан қарама-қаршиликка мойил бўлса-да, Россия армияси яқин келажакда Украина билан урушда банд бўлиши туфайли НАТО мамлакатларига тўғридан тўғри таҳдид йўқлигини таъкидлайди. «Бу хотиржамликка берилиш мумкин дегани эмас», – дея қайд этади у.
Эстония президенти Алар Карис ҳам худди шундай фикр билдирган. У Россия ҳозир «Украинада жуда банд» экани ва Болтиқбўйи мамлакатларидан бирига қарши яна бир уруш олиб бориш учун етарли имкониятларга эга эмаслигини айтади. Аммо расмийлар барибир бу сценарийни истисно қилмаслиги ва унга тайёргарлик кўриши – чунки ўз вақтида «Украинада уруш бўлишини ҳам ҳеч ким кутмагани»ни таъкидлайди.
Мавзуга оид
09:23
Россия 2024 йилдан бери биринчи марта Украина билан урушда ҳудудларини йўқота бошлади
21:13 / 03.05.2026
Яқин Шарқдаги уруш НАТО мамлакатлари Россия билан урушга тайёр эмаслигини кўрсатди
18:04 / 03.05.2026
Украина Болтиқбўйидаги нефт объектларига зарба берди
17:02 / 03.05.2026