Жаҳон | 14:28 / 09.08.2024
2248
4 дақиқада ўқилади

ЕИ: Беларус режими - Россиянинг Украинадаги урушига шерик

Лукашенко режими «украиналик болаларнинг ноқонуний депортациясига ёрдам берди» ва «ўз халқини қўрқитиш бўйича кенг кўламли кампанияни» давом эттирмоқда, деди Жозеп Боррел.

Фото: Lenoir/EUC/Ropi/picture alliance

Беларус режими Россиянинг Украинага қарши ноқонуний тажовузкор урушида шерикдир. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррелнинг 2020 йил августида Беларусда президентлик сайловлари ўтказилганига тўрт йил тўлиши арафасида, 8 август, пайшанба куни Европа ташқи ҳаракатлар хизмати томонидан берилган баёнотида айтилади

Баёнотда айтилишича, Москванинг сиёсий, ҳарбий ва моддий-техник ёрдамидан ташқари, Александр Лукашенко режими «украиналик болаларни Украинанинг Россия томонидан вақтинча эгаллаб олинган ҳудудларидан ноқонуний депортация қилишга ёрдам берган». Бундан ташқари, 2021 йилдан бери Минск ЕИнинг ташқи чегараларида миграция босимини ташкил қилмоқда, дея таъкидланади ҳужжатда.

Беларус қамоқхоналарида - 1400 га яқин сиёсий маҳбус 

Расмийлар, шунингдек, «ўз халқига қарши кенг кўламли зўравонлик ва қўрқитиш кампаниясини» давом эттирмоқда, деди Боррел. Беларус қамоқхоналарида 1400 га яқин сиёсий маҳбус бор ва бу 2020 йилдан бери сиёсий сабабларга кўра жазони ижро этиш тизимидан ўтганларнинг кичик бир қисми.

Лукашенко «Беларус фуқаролик жамияти, ҳуқуқ фаоллари, эркин оммавий ахборот воситалари ва журналистлар, сиёсий мухолифлар, мустақил касаба уюшмалари, миллий озчиликлар вакилларига ва пировардида, мамлакат ичида ҳам, хорижда ҳам ўз фикрини билдирувчи барча оддий фуқароларга қарши тўлиқ репрессияларни амалга оширмоқда».

Камида олти сиёсий маҳбус ҳибсда вафот этди, кўплари бир йилдан ортиқ вақт давомида ташқи дунё билан алоқа қилмадилар. Айримларнинг аҳволи ҳаёти учун хавфли ва шошилинч тиббий ёрдамни талаб қилади, дея қўшимча қилди Брюссел. «Маҳбуслар ва қўлга олинганларга нисбатан бундай муносабат халқаро ҳуқуқ ва Беларус мажбуриятларини бузиш ҳисобланади», дейилади маълумотда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Туркнинг ҳисоботига кўра, Беларусда таъқиблар инсониятга қарши жиноят сифатида баҳоланиши учун етарли асослар мавжуд, деб таъкидлади ЕИ.

«Биз барча сиёсий маҳбуслар ва ноҳақ қўлга олинганларни зудлик билан ва сўзсиз озод қилишга чақирамиз», деб таъкидлади Боррел.

Беларус демократлаштирилса, ЕИ ислоҳотлар учун 3 млрд еврогача маблағ ажратади

Европа Иттифоқи «Беларус жасур халқини, Беларус демократик ҳаракати ва фуқаролик жамиятини тинч Европанинг бир қисми сифатида эркин, демократик, суверен ва мустақил Беларусга интилишида қўллаб-қувватлайди», дейилади баёнотда.

Беларусда демократик ўзгаришлар бошланиши билан Европа Иттифоқи иқтисодиётни барқарорлаштириш ва институтларни ислоҳ қилишда, шу жумладан, Иқтисодий қўллаб-қувватлашнинг комплекс режаси доирасида 3 миллиард еврогача бўлган миқдорда ёрдам беради. 

Санкциялар режими 260 дан ортиқ кишига нисбатан қўлланяпти

Брюссел сайловлардан сўнг режим ва унинг тарафдорларига қарши бир қанча санкциялар пакетини қабул қилди. Шундай қилиб, 5 август куни Европа Иттифоқи кенгаши Беларусда репрессия ва инсон ҳуқуқлари бузилишида иштирок этган 28 кишига нисбатан чеклов чораларини тасдиқлади.

Беларус раҳбари Александр Лукашенконинг «узоқ йиллик тарафдорлари гуруҳи» чеклов чоралари остида қолди. Улар орасида БелТА давлат агентлиги бош директори Ирина Акулович, Миллий ассамблеядаги Ёшлар кенгаши раиси Никита Рачиловский ва Лукашенко матбуот хизматининг собиқ раҳбари Дмитрий Жук бор.

Ҳаммаси бўлиб, Европа Иттифоқининг индивидуал чеклов чоралари 261 кишига, шунингдек, Беларусдаги 37 ташкилот ва муассасага нисбатан қўлланади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид