Жаҳон | 12:51 / 12.08.2024
1747
3 дақиқада ўқилади

NOZ: Германияда қочқинларга ҳар куни деярли учта ҳужум содир этилган

Федерал ҳукуматнинг Сўл партияга берган жавобига кўра, Германияда 2024 йилнинг биринчи ярмида ҳар куни қочқинларга қарши ўртача учта ҳужум рўй берган.

Фото: Patrick Pleul/ZB/dpa/picture alliance

2024 йилнинг биринчи ярмида Германияда ҳар куни қочқинларга ўртача учта ҳужум содир бўлди. Бу ҳақда 11 август, якшанба куни Neue Osnabrücker Zeitung газетаси хабар берди. У Бундестагдаги сўл партия фракцияси сўровига федерал ҳукумат томонидан берилган жавобга таянган.

Жорий йилнинг дастлабки олти ойида полиция Германия бўйлаб қочқинларга қарши 519 та ҳужумни қайд этган. Ҳуқуқбузарликлар, хусусан, нафрат уйғотиш, қонунга хилоф равишда мажбурлаш ва баданга оғир шикаст етказиш билан боғлиқ.

Ҳужум қилганлар асосан ўнг қарашларга эга бўлган

Терговчиларга кўра, 88 фоиз ҳолларда ҳужумчилар ўнг қарашларга эга бўлган. Бундан ташқари, қочқинлар бошпаналарига 69 та ҳужум уюштирилган, дея аниқлик киритди KNA агентлиги.

Ҳаммаси бўлиб, 2023 йил охирида 2450 та ҳужум қайд этилган бўлиб, уларнинг аксарияти Германия шарқидаги Саксония ва Тюрингияда содир бўлган.

Бундестагнинг Сўл партиядан депутати Клара Бюнгер рўй бераётган воқеаларни, хусусан, маҳаллий сиёсатчиларнинг баёнотлари билан изоҳлади. «Сиёсатчилар томонидан қўлланадиган ирқчилик шиорлари ва ирқчилик ҳаракати ҳамда кўчалардаги ҳужумлар ўртасида яқин алоқа борлиги узоқ вақтдан бери маълум», деди у. 

Тюрингияда сайловчиларнинг 30 фоизи ўнг популистлар тарафдори

Тюрингия ва Саксония федерал ерларида 1 сентябрда янги маҳаллий парламентлари сайланади. 

ZDF Politbarometer сўровига кўра, Тюрингияда сайловчиларнинг 30 фоизи «Германия учун муқобил» (ГуМ) популист партияси учун овоз беришга тайёр. Ундан кейинги ўринларда 21 фоиз овоз билан Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) ва 19 фоиз овоз билан «Сара Вагенкнехт иттифоқи» бормоқда. Сўл партия 15 фоиз, Германия Социал-демократик партияси (ГСДП) эса бор-йўғи етти фоиз овозга эга. 

Сўров натижаларига кўра, ХДИ Саксонияда 34 фоиз билан етакчилик қилмоқда, ГуМ эса атиги тўрт фоиз орқада. «Сара Вагенкнехт иттифоқи»га 11 фоиз, «яшиллар» ва ГСДПга олти фоиздан ишонч билдирилган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид