Сурхондарёда Имом Термизий номидаги Ислом институти очилди
Термизда Ўзбекистондаги иккинчи Ислом институти давлат рўйхатидан ўтказилиб, абитуриентлар қабул қилишни бошлади. Шунингдек, илк бор Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида магистратура йўналишига қабул очилди.
Ислом институти ўрта махсус ислом таълим муассасасининг узвий давоми сифатида Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг маълум қилишича, таълим муассасасида ўқиш муддати 4 йил бўлиб, бакалавр даражасидаги олий диний маълумотли – ҳадис илмлари, диний фанлар ва араб тили бўйича мутахассислар тайёрланади.
Шунингдек, диний идора Имом Термизий номидаги Ислом институтига 2024-2025 ўқув йили учун қабул ҳам очилганини билдирди. Ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш 2024 йил 14 августдан 20 августга қадар давом этади. Қабул ҳайъатига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
- таълим муассасаси ректори номига ариза;
- паспорт ёки ID карта нусхаси (асли кўрсатилади);
- ўрта махсус ислом таълим муассасасини тамомлагани тўғрисидаги ҳужжат (диплом) ва унинг иловаси асл нусхада;
- 3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат (сўнгги уч ойда олинган ва орқа фони оқ рангда бўлиши талаб этилади).
Абитуриентлар қуйидаги фанлар бўйича қабул имтиҳонларини топширади:
- Араб тили (тест синови) 30 Х 3,1 – 93 балл
- Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис (ижодий имтиҳон) 63 балл
- Ўзбекистон тарихи (тест синови) 30 Х 1,1 – 33 балл
Араб тили бўйича В2 даражасидаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган абитуриентларга ушбу фандан имтиҳонларсиз белгиланган максимал балл берилади. Шунингдек, таълим муассасасига ҳужжат топшириш учун абитуриентлардан базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари (170 минг сўм) миқдорида тўлов ундирилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси 2024-2025 ўқув йилидан илк бор Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг магистратура йўналишига ҳам қабул жараёни бошланишини маълум қилди.
Тошкент ислом институти магистратура мутахассислигига абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш 14 августдан 20 августга қадар давом этади.
Мусулмонлар идораси тизимидаги диний таълим муассасаларига қабул жараёнлари ҳақида ушбу ҳавола орқали янгиликларни кузатиб боришингиз мумкин.
Диний идора маълумотларига кўра, 2024-2025 ўқув йили учун муфтият тасарруфида 4 та олий ва 10 та ўрта махсус диний таълим муассасалар ишлаб турибди. Уларда қабул имтиҳонларида иштирок этиш мақсадида 6,5 мингга яқин абитуриент рўйхатдан ўтган.
Мавзуга оид
21:33
Хитой Сурхондарёдаги мис ва кумуш конларига 2,7 миллиард доллар инвестиция таклиф қилмоқда
14:50 / 21.11.2024
Кувайт Ўзбекистонда Она ва бола кластерини ташкил этади
11:53 / 13.11.2024
Афғонистонда содир бўлган зилзила кучи Сурхондарёда сезилди
08:15 / 13.11.2024