Жаҳон | 08:21 / 12.08.2024
3753
5 дақиқада ўқилади

Запорижжя АЭСда ёнғин содир бўлди

Украина воқеани Россия кучларининг провокацияси деб ҳисоблайди, Москва эса Киевни ўққа тутишда айблади. АЭХА атом электр станциясининг совитиш минораларидан бирига дрон ҳужуми уюштирилгани ҳақида гумон қилган.

Фото: Украина президенти офиси / Anadolu / picture alliance

11 август, якшанба куни ҳамон Россия қўшинлари назоратида бўлган Запорижжя атом электр станциясининг (ЗАЭС) совитиш минорасида ёнғин содир бўлди. Запорижжя вилоятининг эгаллаб олинган қисмига Кремл томонидан тайинланган «губернатор» Евгений Балицкий воқеада Киевни айблади. «Украина Қуролли кучлари томонидан Энергодар шаҳрини ўққа тутиш натижасида ЗАЭС совитиш тизимлари иншоотида ёнғин содир бўлди», — деб ёзди у. Аниқлик киритилишича, АЭСнинг барча 6 та энергоблоклари ҳамон совуқ тўхташ режимида ва «буғнинг портлаши ёки бошқа оқибатлар хавфи йўқ», шунингдек, Запорижжя АЭС ва Энергодар шаҳри атрофидаги радиациявий фон нормал даражада.

Украинанинг «Энергоатом» ширкати расмий канали ҳам минтақада радиация кўрсаткичлари нормал эканлигини тасдиқлади. «Биз Никополдан россияликлар Запорижжя атом электр станцияси ҳудудида ёнғин бошлаганини тасдиқлаймиз», — дейилади компания баёнотида. Уларнинг аниқлик киритишича, Россия «Запорижжя атом электр станцияси эгаллаб олинган биринчи кунданоқ ундан Украинани, бутун Европа ва дунёни шантаж қилиш учун фойдаланмоқда» ва Атом энергияси бўйича халқаро агентликдан (АЭХА) муносабат кутмоқда.

Никопол тумани ҳарбий маъмурияти бошлиғи Евгений Евтушенконинг айтишича, станциядаги ёнғин «провокация ёки Днипро ўнг қирғоғидаги аҳоли пунктларида ваҳима қўзғашга уриниш»дир. Унга кўра, россиялик ҳарбийлар атом электр станциясининг совитиш минораларидан бирида автомобил шиналарига ўт қўйган бўлиши мумкин.

АЭХА воқеанинг Россия версиясига таянди

«АЭХА экспертлари кечқурун содир бўлган кўплаб портлашлардан сўнг Запорижжя АЭС ҳудудининг шимолий қисмидан кучли қуюқ тутун чиққанига гувоҳ бўлишди», - дейилади Атом энергияси бўйича халқаро агентликнинг Х ижтимоий тармоғидаги баёнотида. Шунингдек, улар Запорижжя атом электр станциясидан сайтдаги совитиш минораларидан бирига дрон ҳужуми содир этилгани ҳақида «маълумот» олганига аниқлик киритди.

БМТ Бош ассамблеяси бир ой олдин Россия қўшинларини Запорижжя АЭСдан олиб чиқишни талаб қилган

БМТ Бош ассамблеяси Украинадаги атом иншоотлари, жумладан, Запорижжя атом электр станциясининг техник ва жисмоний хавфсизлиги бўйича резолюцияни қабул қилди. Ҳужжатни 99 давлат қўллаб-қувватлади, 9 делегация қарши овоз берди, 60 таси эса бетараф қолди, деб хабар қилинди 11 июл куни Бош ассамблея сайтида. 

Ҳужжатда Россия Федерациясига Запорижжя АЭСдан зудлик билан ҳарбий хизматчиларни ва бошқа ходимларни олиб чиқиб кетиш, станцияни зудлик билан Украинанинг тўлиқ назорати остига қайтариш талаблари алоҳида ўрин олган. 

Россия, шунингдек, станция Украина тўлиқ назоратига қайтарилгунга қадар АЭХА билан ҳамкорлик қилишга, шунингдек, Запорижжя АЭС ҳудуди периметри бўйлаб ўрнатилган барча пиёдаларга қарши миналарни зудлик билан олиб ташлашга чақирилди. Россия Федерациясининг доимий вакили ўринбосари Дмитрий Полянский резолюцияни «зарарли, ўта сиёсийлашган ва ядровий хавфсизликка ҳеч қандай алоқаси йўқ» деб атади. 

Запорижжя АЭС 2022 йилдан бери совуқ ўчириш режимида 

Запорожжя АЭС Европадаги энг йирик атом электр станциясидир. Россиянинг Украинага ҳарбий ҳужуми бошланганидан сўнг у рус қўшинлари томонидан эгаллаб олинди ва у бир неча марта учувчисиз учоқлардан ҳужумга дучор бўлди ҳамда ўққа тутилди. Москва ва Киев бунда бир-бирини айбламоқда. АЭХА Запорижжя АЭСда «ядро хавфсизлигининг барча устунлари» йўқ қилинаётганини бир неча бор таъкидлаган. 

Россия қўлига ўтгандан бери Запорижжя атом электр станцияси ўз ҳудудидан ташқаридаги электр узатиш линиялари шикастлангани учун камида саккиз марта қувватини йўқотди. Ўчириш вақтида ядро ёқилғисининг реакторларда ва совитиш ҳавзаларида хавфсиз ҳолатда сақланишига таҳдид мавжуд. Станция 2022 йил 11 сентябрдан бери электр энергияси ишлаб чиқармайди. Олтита ЗАЭС реакторининг ҳаммаси совуқ ўчириш режимида.

Мавзуга оид