Жаҳон | 11:30 / 13.08.2024
1670
3 дақиқада ўқилади

АЭХА: Запорижжя АЭСга ўйламасдан қилинган ҳужумлар тўхтатилиши керак

12 август ҳолатига кўра, Запорижжя АЭСда содир бўлган ёнғин натижасида станция совитиш минораларидан бири бутунлай ёниб кетган, унинг қулаши хавфи йўқ. Запорижжя АЭС атрофидаги радиациявий фон нормал даражада.

Фото: Smoliyenko Dmytro/Ukrinform/ABACA/picture alliance

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) бош директори Рафаэл Гросси атом электр станцияси совитиш минораларидан биридаги ёнғин фонида Запорижжя атом электр станцияси (ЗАЭС)га ҳужумларни тўхтатишга чақирди. Россия Федерацияси ва Украина ёнғинда бир-бирини айблади. «Бу ўйламасдан қилинган ҳужумлар станциядаги ядро хавфсизлигини хавф остига қўяди ва ядровий авария хавфини оширади. Улар ҳозир тўхташи керак», деди Гросси 11 август куни АЭХА сайтида эълон қилинган расмий баёнотида

АЭХА бош директори Гросси, шунингдек, Запорижжя АЭСга қарши қаратилган ҳар қандай ҳарбий ҳаракатлар БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан 2023 йил май ойида ўрнатилган энергетика объектини ҳимоя қилишнинг бешта тамойилини очиқдан очиқ бузиш эканлигини эслатди. 

Шу билан бирга, АЭХА экспертлари Россия томонининг ёнғинга қарамай, Запорижжя АЭС атрофида радиациявий фон нормал эканлиги ҳақидаги сўзларини тасдиқлади. Россия назорати остидаги станция матбуот котиби Евгения Яшинанинг сўзларига кўра, 12 август ҳолатига кўра, совитиш минораси ичкаридан бутунлай ёниб кетган, бироқ унинг қулаши хавфи йўқ. 

Украина Запорижжя АЭСга қилинган ҳужумни тасдиқламаяпти 

Россия Украинани станцияга учувчисиз учоқ билан зарба беришда айблади. Украина томони Запорижжя АЭСга дронлар учирилганини инкор этмоқда. Украина президенти Володимир Зеленский ёнғинда Россия Федерациясини айблади. «Запорижжя атом электр станцияси эгаллаб олинган биринчи кунданоқ Россия ундан Украинани, бутун Европа ва дунёни шантаж қилиш учун фойдаланмоқда», — деб ёзди Украина раҳбари ва фақат Киев ўз назорати остида станцияда хавфсизликни кафолатлаши мумкин эканлигини таъкидлади.

Запорижжя АЭС 2022 йилдан бери совуқ ўчириш режимида 

Запорожжя АЭС Европадаги энг йирик атом электр станциясидир. Россиянинг Украинага ҳарбий ҳужуми бошланганидан сўнг у рус қўшинлари томонидан эгаллаб олинди ва у бир неча марта учувчисиз учоқлардан ҳужумга дучор бўлди ҳамда ўққа тутилди. Москва ва Киев бунда бир-бирини айбламоқда. АЭХА Запорижжя АЭСда «ядро хавфсизлигининг барча устунлари» йўқ қилинаётганини бир неча бор таъкидлаган.

Россия қўлига ўтгандан бери Запорижжя атом электр станцияси ўз ҳудудидан ташқаридаги электр узатиш линиялари шикастлангани учун камида саккиз марта қувватини йўқотди. Ўчириш вақтида ядро ёқилғисининг реакторларда ва совитиш ҳавзаларида хавфсиз ҳолатда сақланишига таҳдид мавжуд. Станция 2022 йил 11 сентябрдан бери электр энергияси ишлаб чиқармайди. Олтита ЗАЭС реакторининг ҳаммаси совуқ ўчириш режимида.

Мавзуга оид