Жаҳон | 13:31 / 13.08.2024
8151
4 дақиқада ўқилади

ОАВ: Киев Россия қўшинларининг Курскка кенг кўламда ўтказилишини кутганди

Россия қўмондонлиги қўшинларни фронтдан Курск областига ўтказмоқда, аммо Киев хоҳлаган кўламда эмас, деди The Economist нашрига Украина Қуролли кучлари Бош штабидаги манба.

Фото: Россия Мудофаа вазирлиги

Россия Харкив фронтидан Курск областига қўшинларни ўтказди, бироқ асосий, Донбасс йўналишидан у ерга Киев хоҳлаганидан анча кам куч юборилди. Бу ҳақда Британиянинг The Economist нашри 11 август куни манбаларга таяниб хабар берди

«Уларнинг (Россия) қўмондонлари - аҳмоқ эмас», деди Украина Бош штабидаги манба. «Улар қўшинларни ҳаракатлантирмоқда, лекин биз хоҳлаганчалик тез эмас. Улар билишадики, биз логистикани 80 ёки 100 кмдан ортиқ масофага чўзишимиз мумкин эмас», - дея қўшимча қилди у. 

The Economist суҳбатдоши Курск йўналишидаги динамикани Украинанинг 2022 йил охирида Харкив области катта қисмини қайтариш бўйича муваффақиятли операцияси билан солиштирмасликка чақирди. «Хавф шундаки, биз тузоққа тушиб қоламиз ва Россия тишимизни синдиради», - дея қўшимча қилди у. 

Шу билан бирга, жорий операция бир муҳим номоддий компонентни - Украина қўшинларининг руҳий ҳолатини аллақачон яхшилади, деб таъкидлади The Economist суҳбатдошлари.

Украина операциясини тайёрлашда турлича ёндашув

Шу билан бирга, нашр Киевнинг Курск областидаги ютуққа тайёрланишидаги турлича ёндашувга эътибор қаратди. Шундай қилиб, операциянинг баъзи жиҳатлари пухта режалаштирилган кўринади. «Биз жанговар тайёргарлигимиз энг юқори бўлган бўлинмаларни уларнинг (Россия) чегарасидаги энг заиф жойга жўнатдик», — деди Украина Қуролли кучлари Бош штабидаги минтақага кучларни юборган манба. «Муддатли ҳарбий хизматчилар украиналик десантчиларга дуч келишди ва шунчаки таслим бўлишди», - дея қўшимча қилди у. 

Бироқ, бошқа жиҳатлар тайёргарликда маълум бир шошқалоқликдан далолат беради, деб ёзади The Economist. Шу тариқа, нашр журналистлари суҳбатлашган уч украиналик ҳарбий хизматчи ҳам мамлакат шарқидаги фронт чизиғидан дам олишсиз - Курск вилоятидаги операция бошланишидан деярли бир кун олдин кўчирилган. 

Шу билан бирга, Украина куч тузилмаларидаги манбанинг даъво қилишича, 10 августга қадар бир қатор украин бўлинмалари Курск йўналиши бўйича Россия ҳудудига 40 км чуқурликда кириб борган. Аммо, Украина Қуролли кучлари ҳудудда мустаҳкам ўрнашиб олиш учун жиддий уринишлар қилмаётганга ўхшайди, дея таъкидлайди нашр. 

Курск областида жанглар 

Украина Қуролли кучлари 2024 йил 6 августдан буён Курск областида ҳарбий операция ўтказмоқда. Коренев ва Суджа районларида фаол жанглар кетмоқда. 10 август куни Белгород, Брянск ва Курск областларида аксилтеррор операцияси режими жорий этилди. 

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Курск областидан 76 мингдан ортиқ киши эвакуация қилингани ҳақида хабар берган эди. Сўнгги 24 соат ичида вилоятнинг чегарадош ҳудудларидан 8 мингдан ортиқ аҳоли мустақил равишда ва «уюшган колонналар»да чиқиб кетди, деб хабар қилди 11 август куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги. 12 август, душанба куни Белгород области ҳокимияти Краснояружский районида эвакуация эълон қилди. Област губернатори Вячеслав Гладковнинг сўзларига кўра, Украина бўлинмалари фаоллиги минтақа чегаралари яқинида қайд этилган.

Курск областидаги ҳарбий амалиётда «минглаб» украиналик ҳарбийлар иштирок этмоқда. Бу ҳақда Украина хавфсизлик соҳасидаги исми ошкор этилмаган юқори мартабали ходимга таяниб, AFP хабар берди. Унинг сўзларига кўра, ҳужумнинг мақсади - Россия кучларини «чўзиш» ва мамлакатни «беқарорлаштириш». 

Мавзуга оид