Жаҳон | 10:57 / 13.08.2024
5710
4 дақиқада ўқилади

Украина энергетика вазири ўринбосари пора билан ушланди

Украинада энергетика вазири ўринбосари Александр Хейло қўлга олинди. Терговчилар «кенг кўламли коррупция схемаси»ни ўрганмоқда.

Фото: Украина Коррупцияга қарши миллий бюроси

Украина Хавфсизлик хизмати («СБУ») ва Коррупцияга қарши миллий бюроси энергетика вазири кўмагида унинг ўринбосарини ярим миллион доллар (тахминан 457 870 евро) пора билан қўлга олди. Бу ҳақда 12 август, душанба куни «СБУ» хабар берди. 

Депутат Ярослав Железнякнинг сўзларига кўра, гап Александр Хейло ҳақида кетмоқда.

Бундан ташқари, Хейлонинг учта эҳтимолий шериги қўлга олинди - хусусий энергия сотувчиси, Миколайив вилоятидаги энергетика компанияси раҳбари ва Донецк вилоятидаги тоғ-кон компанияси раҳбари.

«Кенг кўламли коррупцион схема»

«СБУ» маълумотларига кўра, асосий эътибор «кенг кўламли коррупция схемаси»га қаратилган. Терговга қадар олиб борилган тергов-суриштирув ишлари доирасида вазир ўринбосари «фронтга яқин тумандан тоғ-кон техникасини олиб чиқишга рухсат бергани учун асоссиз пул олгани аниқланди», дейилади Коррупцияга қарши курашишга ихтисослаштирилган прокуратура (КИП)нинг Telegram-каналида.

«Аслида, гап жанговар зонадан ноёб техникани эвакуация қилиш ва ғарбий минтақа шахталаридан ундан фойдаланиш ҳақида кетган», - дея аниқлик киритди КИП. 

Вазир ўринбосари ўз ваколатларидан фойдаланиб, Лвив-Волин кўмир ҳавзасидаги давлат корхоналари раҳбарларига Донецк вилоятининг фронт чизиғига яқин туманидаги конлардан кон ускуналарини фойдаланиш учун олиб беришни ваъда қилган, дея маълумот берди «СБУ».

Унга кўра, гап шарқий фронтнинг энг қайноқ йўналишларидан бири - Покровскийда жойлашган давлат кўмир компанияларидан бирининг тақчил ускуналари ҳақида бўлган.

Гумонланувчилар 12 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин

Ускуналарни эвакуация қилишга рухсат олиш учун саноат вакиллари баҳорда энергетика вазири ўринбосари билан боғланишди, деб хабар қилди терговчилар. Уларнинг версиясига кўра, амалдор ускунани олиб чиқиш учун пул талаб қила бошлаган ва шериклар ёрдамига мурожаат қилган.

Маблағлар 100 минг долларлик траншларда ўтказилиши керак эди. КИП маълумотларига кўра, Энергетика вазирлиги ходими ва унинг уч шериги учинчи траншни олганидан кейин ушланди.

Қўлга олинган барча тўрт нафар шахс Украина Жиноят кодексининг 368-моддаси 4-қисмида назарда тутилган («мансабдор шахс томонидан ноқонуний манфаат кўриш») жиноятни содир этганликда гумон қилинмоқда.

Уларга эҳтиёт чорасини танлаш масаласи ҳал қилинмоқда. Ҳодисанинг тўлиқ тафсилотларини аниқлаш учун тергов давом этмоқда. Жиноятчилар мол-мулки мусодара қилинган ҳолда 12 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

УҚК маблағларини талон-торож қилиш иши бўйича махсус операция

Аввалроқ Украинада мудофаа эҳтиёжлари учун ажратилган бюджет маблағларини талон-торож қилиш ишида жиноий схемалар ташкилотчилари ва иштирокчиларини фош қилиш бўйича кенг кўламли махсус операция ўтказилди. Бу ҳақда 9 август куни Украина Бош прокуратураси маълум қилди.

Унга кўра, давлатга етказилган зарар миқдори 1,5 миллиард гривнадан (33 миллион евро) ошган. 28 нафар шахс жиноий фаолиятда гумон қилинмоқда, улардан тўққиз нафари уюшган жиноий гуруҳ аъзоларидир. Тергов маълумотларига кўра, гап Украина Мудофаа вазирлиги, ҳарбий қисмлар, вилоят ҳарбий маъмуриятлари ва шаҳар кенгашлари вакиллари, шунингдек, корхоналар директорлари ва тижорат тузилмалари ходимлари ҳақида бормоқда.

Мавзуга оид