Жаҳон | 07:29 / 13.08.2024
12724
3 дақиқада ўқилади

Украина Россиянинг Суджа шаҳри эгалланганини маълум қилди

BRAVO Team махсус кучлар отряди Украина Қуролли кучлари Суджани назоратга олгани ҳақида иккита видео эълон қилди. Украина ва Россия Федерацияси расмийлари бу баёнотларга изоҳ бермади.

Фото: MIC Izvestia/IZ.RU/REUTERS

Украина Қуролли кучларининг BRAVO Team махсус бўлинмаси Курск вилояти Суджа шаҳри Украина Қуролли кучлари назоратига ўтганини маълум қилди. Telegram-каналида Украина махсус кучлари 12 август, душанба куни Россия тумани марказида суратга олинган иккита видеони эълон қилди. «Суджа шаҳри Украина Қуролли кучлари назорати остида, унда иштирок этган барча бригадалар ва баталионларга шон-шарафлар бўлсин», дейилади улардан бирининг тагида. 

Видеода украиналик ҳарбий хизматчи шаҳарда россиялик ҳарбийлар йўқлигини айтган ва ўлдирилган россиялик ҳарбийнинг жасади ҳам кўрсатилган. «Медуза» ва «Важные истории» журналистлари видео «Суджа шаҳри Карл Маркс кўчасидаги «Галерея окон» дўкони ёнида, шаҳар маъмурияти биносидан 500 метр узоқликда суратга олинганини» аниқлашди. 

Иккинчи видеода Украина бронетранспортёри деразасидан бўш шаҳар тасвирланган. Ҳарбийларнинг айтишича, улар Суджа марказий майдонидан ўтган. Видеода россиялик ҳарбийлар ва маҳаллий аҳоли кўринмайди. Видеолар қачон суратга олингани номаълум. 

Украина ва Россия Федерацияси расмийлари бу баёнотларга изоҳ бермади.

Курск вилоятида жанглар
 
Украина Қуролли кучлари 2024 йилнинг 6 августидан буён Курск областида ҳарбий операция ўтказмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги ва Россия тарғибот-ташвиқоти Telegram-каналлари хабарларига кўра, Украина қўшинлари Россия чегара ҳудудининг бир қисмини қўлга киритиб, 10 километрдан кўпроқ ичкари томон кириб борган. 12 август куни Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский Курск вилоятида 1000 квадрат километрга яқин ҳудуд Украина армияси назоратида эканлигини маълум қилди. 

Жанглар Коренев ва Суджа районлари ҳамда Беловский районида давом этмоқда. У ерда Россия Федерациясидан табиий газ Украинанинг газ транспорт тизимига борадиган ва кейин Европа Иттифоқига транзитга кетадиган ягона нуқта - «Суджа ГИС» бор. Бундан ташқари, минтақада Курск атом электр станцияси жойлашган. 

Украина президенти Володимир Зеленский илк бор 10 август куни Украина Қуролли кучларининг Россия ҳудудига ҳужуми ҳақида очиқчасига изоҳ бериб, УҚК бош қўмондони унга «урушнинг тажовузкор ҳудудига ўтказилгани ҳақида» маълум қилганини айтди. Бундай ҳаракатлар Киевнинг «адолатни тиклаш» ва Россияга керакли босим ўтказиш қобилиятини исботлайди, деди у. 

Айни вақтда, Курск области губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов 12 август куни Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда Украина Қуролли кучлари областидаги 28 та аҳоли пунктини назоратга олганини тан олди. ОАВ ҳисоб-китобларига кўра, бу кўрсаткич янада юқори бўлиши мумкин.

Мавзуга оид