Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Назарбоевнинг жияни Қозоғистон бюджетига яна 104 млн доллар қайтаради
Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сотиболди 50 миллиард тенгедан ортиқ (104 миллион доллардан кўпроқ) маблағни давлатга қайтаради. Бу ҳақда республика Бош прокуратурасининг активларни қайтариш қўмитаси маълум қилди.
Сотиболди 18 миллиард тенге (37 миллион доллар) қийматидаги активларни, жумладан, Олмаотадаги бизнес маркази, тижорат кўчмас мулки ва Остонадаги элита уйини топшириб бўлган.
“Бош прокуратура ҳузуридаги активларни қайтариш қўмитаси Сотиболдиули Қ.нинг айбига иқрор бўлиш ва ноқонуний йўл билан олинган мол-мулкни қайтариш тўғрисидаги процессуал келишув шартлари ижроси устида ишламоқда. Ушбу активларнинг умумий суммаси баҳолашни ҳисобга олган ҳолда 50 миллиард тенгедан ошади”, — дейилади Бош прокуратура сайтида.
Хабарга кўра, Қайрат Сотиболдидан тинтув пайтида олиб қўйилган яна 95 минг доллар махсус давлат жамғармасига ўтказилган. Бундан ташқари, Қозоғистон собиқ президентининг жияни эксклюзив заргарлик буюмлари, бренд соатлари ва коллекция тангаларини давлатга қайтарган. Бирлашган Араб Амирликларидан умумий қиймати 192 миллион тенге (деярли 400 минг доллар) Rolls-Royce Cullinan ва Aston Martin автомобиллари кўринишидаги активлари қайтариб келинган.
Бош прокуратура маълумотларига кўра, Қайрат Сотиболди ва яқинларининг хориждаги мулкларини топшириш жараёни якунланиш босқичида. Илгари Сотиболди Дубайдаги вилла, Франциядаги тўртта ҳашаматли квартира, Туркиядаги иккита вилла ва Москвадаги яна 15 та нуфузли турар жой кўринишидаги активларини қайтарганди. Қайрат Сотиболди умумий ҳисобда 2,5 йил давомида давлатга 710,6 миллион доллар қайтарди.
2024 йил январ ойида Сотиболди давлатга 650 миллиард тенгени қайтаргани ҳақида хабар берилганди.
Қайрат Сотиболди Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни. 2022 йил март ойида у «Қазақтелеком» алоқа операторидан маблағларни ўғирлаш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда гумонланиб ҳибсга олинганди.
Назарбоевнинг жияни «Қазақтелеком» акцияларининг 24 фоиздан ортиғига эгалик қилувчи Skyline Investment офшор компанияси асосчиси бўлган.
Ўша йилнинг сентабр ойида Сотиболди мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва икки компаниянинг маблағларини ўғирлашда айбдор деб топилди. У мол-мулки мусодара қилиниб, муайян лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 6 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У айбини тан олди ва етказилган зарарни қоплади, бу эса енгиллаштирувчи ҳолатга айланди.
2023 йил декабр ойида Сотиболди шартли равишда озод қилиш тўғрисида ариза берди. Аммо суд қамоқхонадаги хулқ-атвори намунали эмаслиги ва бир қанча қоидаларни бузганини таъкидлаб, аризани рад қилди.