Жаҳон | 08:50 / 15.08.2024
3347
4 дақиқада ўқилади

Полша: маҳбуслар алмашинувининг россиялик иштирокчиси “ГРУ” учун жосуслик қилган

Испания ва Россия фуқароси Павел Рубцов 2016 йилдан 2022 йилгача Полшада Россия ҳарбий разведкаси учун жосуслик қилган, дея хабар беради Полша расмийлари.

Фото: РИА Новости

Россия Федерацияси ва Ғарб ўртасида маҳбуслар алмашинувидан икки ҳафта ўтгач, Полша ҳукумати озод қилинган руслардан бирига жосуслик айбловини қўйди. 14 август, чоршанба куни Полша прокуратураси хабарига кўра, Пабло Гонсалес, яъни - Павел Рубцов Испания ва Россия фуқароси бўлиб, 2016 йилдан 2022 йилгача Россия Қуролли кучлари Бош штаби (“ГРУ”) учун жосуслик қилган. Расмийлар кейинги жараён ҳақида маълумот бермади

Полша разведка хизматлари Гонсалесни (Рубцов) 2022 йил 28 февралда ҳибсга олди ва у 1 август куни Анқарада маҳбуслар алмашинуви доирасида озод этилгунга қадар қамоқда эди. Полша расмийларига кўра, Рубцов Варшава ва Украина билан чегарадош Пшемисл шаҳрига «маълумот олиш ва тақдим этиш, ёлғон маълумот ва тезкор разведка ахбороти тарқатиш» учун юборилган. 

Пабло Гонсалес (Павел Рубцов) Совет Иттифоқида туғилган. Унинг онаси, 30-йилларда СССРга олиб кетилган испанларнинг қизи 80-йиллар охирида Испанияга қайтиб, Каталонияга жойлашди, ўғли эса Басклар мамлакатига кетди. Гонсалеснинг отаси Алексей Рубцов 1999 йилдан бери РБК тузилмаларида раҳбар лавозимларда ишлаган. Ҳибсга олинишидан олдин Павел Рубцов ўзини испаниялик мустақил журналист сифатида кўрсатиб, ҳарбий можаролар ҳақида ёзган. Бу мақомида у Россия мухолифатига кириб боришга муваффақ бўлди: Рубцов кўплаб мухолифат сиёсатчилари, жумладан Иля Яшин ва Владимир Кара-Мурза билан танишди, улар алмашинув доирасида Москва томонидан озод қилинганди. 

“Агентство.Новости”: Рубцов, эҳтимол, Жанна Немцова доирасига киритилган “ГРУ” агенти бўлган

2023 йил май ойи бошида “Агентство. Новости” Telegram-канали икки манбага таяниб, Рубцов (Гонсалес) Россияда ўлдирилган мухолифатчи сиёсатчи Борис Немцовнинг қизи Жанна Немцованинг яқин доирасига киритилган “ГРУ” агенти бўлиши мумкинлигини хабар қилди. Суҳбатдошлардан бирининг сўзларига кўра, Рубцов Немцова билан 2016 йилда Брюсселда Немцов қотиллиги иши бўйича Европа ассамблеясининг махсус маърузачиси номзодини муҳокама қилиш вақтида учрашган. Дўстона муносабатлар бошланган, Гонсалес Борис Немцов жамғармасининг тадбирларига таклиф қилинди ва у фонд ходимларини Басклар мамлакатига чақирди.

Жанна Немцова 2015-2020 йилларда DW русча нашрида ишлаган ва “Немцова. Интервью” муаллифлик дастурини олиб борган. Немцов жамғармаси DW сўровига жавобан: «Пабло бошқа журналистлар каби очиқ тадбирларда қатнашган», дея маълум қилди. 

Борис Немцов номидаги жамғармадаги манба, шунингдек, Рубцов (Гонсалес) Жанна Немцова ва унинг дўстлари, жамғарма ходимлари ва ҳамкорлари, шунингдек, ўзи қатнашган ёзги журналистика мактаби ўқувчилари фаолияти ҳақида батафсил маълумот берганини айтди. Суҳбатдош бу хабарлар айнан кимга юборилганини билмайди, лекин улар Гонсалеснинг разведка хизматларидаги кураторларига ҳисобот сифатида ёзилган. Хабарларда Гонсалес, шунингдек, Немцовани ташкилотга киритиш билан боғлиқ харажатларни қоплашни сўраган. 

Россия ва Ғарб ўртасида маҳбуслар алмашинуви 

1 август куни Анқарада Россия Федерацияси ва Ғарб давлатлари ўртасида кенг кўламли маҳбуслар алмашинуви бўлиб ўтди. Айирбошлаш доирасида Россия 16 кишини озод қилди, улар орасида сиёсий маҳбуслар Владимир Кара-Мурза, Иля Яшин, Олег Орлов ва бошқалар, америкалик журналистлар Эван Гершкович ва Алсу Курмашева, шунингдек, Россия ва Беларусда турли муддатларга қамалган Германия фуқаролари бор. Россияга 10 киши қайтди - Россия махсус хизматлари ходимлари, уларнинг икки фарзанди, киберфирибгарлар ва “ФСБ” ходими Вадим Красиков. 

Мавзуга оид