Полша бош вазири Доналд Туск тегишли вазирлар ва идоралар билан маслаҳатлашувлардан сўнг мамлакат вазирлар кенгашининг «Борис» циклони оқибатида юзага келган сув тошқинлари туфайли табиий офат режимини жорий этиш тўғрисидаги қарорини тайёрлашни буюрди. Бу ҳақда у 15 сентябр, якшанба куни Х ижтимоий тармоғидаги аккаунтида ёзган.
Аввалроқ Туск молия вазирига фавқулодда ёрдам кўрсатиш ва сув тошқинлари оқибатларини бартараф этиш учун маблағ ажратиш бўйича топшириқ берганини, шунингдек, мудофаа вазиридан тошқиндан жабр кўрган ҳудудларга қўшимча кучлар юборишни сўраганини маълум қилганди. «Биз ҳеч кимни ташлаб қўймаймиз», деб таъкидлади у.
Полшанинг жануби-ғарбий қисмида кучли ёғингарчилик туфайли Строне-Слёнске кичик шаҳарчасидаги тўғон ёрилиб кетди. Хабар қилинишича, полиция у ерда қолган одамларни хавфсиз ҳудудларга олиб бориш учун қутқарув вертолётини жойлаштирган. Хабар ёзилаётган вақтда Полшада сув тошқини оқибатида бир киши ҳалок бўлгани маълум эди.
Чехияда шаҳарлардан бири деярли бутунлай сув остида қолган
Айни пайтда, Чехия шарқидаги Крнов шаҳри сув тошқинлари натижасида деярли бутунлай сув остида қолган. Шаҳар мэри ўринбосари Мирослав Бинар Чехиянинг CTK ахборот агентлигига берган интервюсида шаҳарнинг 70-80 фоизи сув остида қолганини тахмин қилган. Мэр ўринбосари сўзларига кўра, Крновнинг 23 минг аҳолисини эвакуация қилиш учун жуда кеч. Маҳаллий аҳолини қутқариш учун вертолётлардан ҳам фойдаланилган.
Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, Опава ва Острава шаҳарларида ҳам кескин вазият юзага келган. Чехия шарқида сув тошқини вақтида автомобил дарёга қулаб тушди, уч киши бедарак йўқолди, уларни қидириш ишлари давом этмоқда. Яқин атрофдаги ҳудудларда расмийлар полиция ва ўт ўчириш бўлимлари 10 мингдан ортиқ одамни эвакуация қилиш учун биргаликда ишлаганини айтди.
Европада сув тошқинлари қурбонлари бор
«Борис» циклони сабаб бўлган сув тошқинлари оқибатида Европа мамлакатларида камида етти киши, жумладан, бир ўт ўчирувчи ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда AFP якшанба куни. Руминияда камида беш киши табиий офат қурбонига айлангани ҳақида хабар берилган.
Циклон Полша, Чехия, Руминия ва Молдованинг кўплаб аҳоли пунктларига таъсир кўрсатди. Хусусан, Венани ўраб турган Қуйи Австрия федерал ери катта зарар кўрди. У ерда бир ўт ўчирувчи сув чиқариб олиш чоғида ҳалок бўлди, деди вилоят губернатори Йоханна Микл-Лайтнер. Минтақа аҳолисига ёрдам бериш учун армия жалб қилинди.















