Марказий Европадаги сув тошқинлари: қурбонлар сони ортмоқда, Полшада фавқулодда ҳолат эълон қилинди
Дам олиш кунлари Европада бошланган сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 17 нафарга етди. Душанба куни Чехия, Полша ва Австрияда янги қурбонлар рўйхатга олинган. Руминия шарқида бутун бир қишлоқ сув остига кетган.
Табиий офат Марказий ва Шарқий Европага ёпирилган «Борис» бўрони туфайли келиб чиққан.
Полшанинг жануби-ғарбида жойлашган Ниса шаҳри мэри маҳаллий аҳолини яқин атрофдаги кўлдаги тўғон бузилиши эҳтимоли ва шаҳарга катта миқдорда сув кириб келиши мумкинлиги туфайли баландроқ жойларга ўтишга чақирган.
«Илтимос, ўз нарсаларингиз, ўзингиз, яқинларингизни эвакуация қилинг. Зудлик билан биноларнинг юқори қаватларига кўтарилиш керак, чунки тўлқин баландлиги бир неча метрга етиши мумкин. Бу бутун шаҳар сув остида қолиши мумкинлигини англатади», — дея ёзган Кордиан Колбярц.
Полша бош вазири Доналд Туск сув тошқинидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун бир миллиард злотий (260 млн доллар атрофида) ажратилишини маълум қилган ва Полша Евроиттифоқдан ёрдам сўраб мурожаат қилганини қўшимча қилган. Туск ҳукумати фавқулодда ҳолат режимини эълон қилган.
Бутун мамлакат бўйлаб минглаб кишилар хавфсиз жойларга кўчирилган. Кўплаб жойларда йўллар ювилиб кетган ва сув остида қолган, поездлар ҳаракати тўхтатилган.
Словакияда Дунай дарёсидан тошиб чиққан сув Братиславанинг эски шаҳар қисмини сув остида қолдирган. Маҳаллий нашрларга кўра, сув сатҳи 9 метр баландликка кўтарилган ва бу давом этиши кутилмоқда.
Дунайнинг қуйи оқими ўтувчи Венгрияда ҳам яқин кунлар ичида сув сатҳи кўтарилишига тайёргарлик кўрилмоқда. Дунай бўйлаб 500 км масофадаги ҳудудларни сув босиши хавфи юзага келган. Дарёда сув сатҳи ҳар 24 соатда бир метрга кўтарилмоқда.
Будапешт мэрияси сув тошқинларидан ҳимояланиш учун қум тўлдирилган миллион қоп тайёрлаган. Шаҳардаги айрим трамвай линиялари фаолиятини тўхтатган, дарё бўйидаги йўллар душанба куни кечқурун ёпилган. Шунингдек, Будапешт ва Вена орасида поездлар ҳаракати тўхтатилган.
Венгрия бош вазири Виктор Орбан X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида «Венгриядаги экстремал об-ҳаво ва давом этаётган сув тошқинлари туфайли» барча халқаро ташрифларини қолдиргани ҳақида маълум қилган.
Энг кучли ёғингарчилик Чехияда кузатилган. Мамлакат шимоли-шарқидаги Есеник шаҳрида пайшанба куни тонгдан бери 473 мм ёғингарчилик тушган, бу эса бир ойлик нормадан беш баравар кўп.
Чехиянинг шу қисмидаги Острава шаҳрида эса Одра дарёси Опава дарёсига қуйилиш жойида сув тўсиқларни бузиб ўтган, бу эса шаҳардаги саноат ҳудудини, жумладан, кимё заводи ва кокс заводини сув босишига олиб келган.
Reuters хабарига кўра, душанба куни Чехиянинг Литовел шаҳрининг 70 фоиз қисмини бир метргача сув босганди.
Австриянинг Санкт-Пелтен шаҳрида тўрт кун давомида 1950 йилдаги энг ёмғирли куздагига қараганда кўпроқ ёғин тушган. Австрияда жабрланган регионларга ёрдам учун аскарлар юборилган. Австрия иқлим вазирлиги тиклаш ишларига 300 млн евро ажратилганини маълум қилган.
Руминия шарқида қишлоқ ва шаҳарларни сув босган.
«Агар бу ерда бўлганингизда, йиғлаб юборган бўлардингиз, чунки одамлар иложсиз аҳволда қолишган, уларнинг бутун умри меҳнатда ўтган, энди бор мулкидан фақат устидаги кийимлари қолди», — деган журналистларга Слобозия-Коначи коммунаси мэри Эмил Драгомир.
Бўрон энди қаерга йўл олган?
Кейинги кунларда Австрия, Чехия ва Германия жануби-шарқига яна 100 мм атрофида ёғин ёғиши кутилмоқда.
Сув тошқинлари яна бир неча кун давом этиши мумкин, аммо Марказий Европадаги об-ҳаво ҳафта ўрталарига бориб яхшиланади ва анча қуруқроқ бўлади.
«Борис» бўрони эса жанубга, Италия томон ҳаракатланишда давом этмоқда ва у ерда ҳам кучли ёмғир ёғади. Ушбу мамлакат шимолидаги Эмилия-Романя региони энг кўп жабр кўриши кутилмоқда — бу ерга 100-150 мм ёғин тушади.
Марказий Европада рекорд миқдордаги ёғингарчиликка бир қатор омиллар, жумладан, иқлим ўзгариши сабаб бўлган.
Турли об-ҳаво элементлари «идеал шторм» ҳосил қилиш учун бирлашган, бунда Арктикадан келган ўта кучли совуқ ҳаво Ўрта Ер денгизининг илиқ ҳавоси билан учрашган ҳамда турли атмосфера босими зоналари конфигурацияси «Борис» бўрони узоқ вақт бир жойда тўхтаб қолишига олиб келган.
Олимлар изоҳлашича, нисбатан иссиқ атмосфера кўпроқ намликни ушлаб туради, бу эса нисбатан интенсив ёғингарчиликка олиб келади. Бундан ташқари, океанлар қанчалик иссиқ бўлса, улар шунчалик кўп сувни буғлатади, бу эса бўрон тизимларини озиқлантиради.
Мавзуга оид
23:14 / 12.01.2025
Полшада ўтган йил йўқолган миналар IKEA дўконидан топилди
08:30 / 10.01.2025
Полша Нетаняҳуни ХЖC ордери бўйича ҳибсга олмасликка ваъда берди
17:24 / 09.01.2025
Полша президенти Нетаняҳу Освенцимдаги тадбирга ташриф буюрса, уни ҳибсга олмасликни сўради
21:42 / 08.01.2025