Жаҳон | 10:30 / 15.08.2024
2778
2 дақиқада ўқилади

Россияда бензин экспортига тақиқ йил охиригача узайтирилди

Россия расмийлари бензин экспортини тақиқлашни узайтириш қарорини ёнилғи бозорида барқарорликни таъминлаш зарурати билан изоҳлади.

Фото: Maksim Konstantinov/Russian Look/picture alliance

Россия ҳукумати бензин экспортига қўйилган тақиқни 2024 йил 31 декабргача узайтирди. «Мавсумий талабнинг давом этиши ва нефтни қайта ишлаш заводларида режали таъмирлаш ишлари олиб борилаётган даврда ёнилғи бозоридаги барқарор вазиятни сақлаб қолиш учун қарор қабул қилинди», — деб хабар қилди мамлакат вазирлар маҳкамаси 14 август, чоршанба куни Telegram-каналда.

Таъкидланишича, чеклов халқаро ҳукуматлараро келишувлар бўйича етказиб бериш ва шахсий фойдаланиш ёки халқаро гуманитар ёрдам кўрсатиш учун экспорт қилинадиган ёнилғига таъсир қилмайди. 

Россияда 1 мартдан 31 августгача бензин экспортига вақтинчалик тақиқ жорий этилган, бироқ май-июл ойларида бу чора «ички бозорни автомобил бензини билан тўлдириш ва айрим корхоналар томонидан нефтни қайта ишлаш ҳажми камайишига йўл қўймаслик учун тўхтатилган эди». Аввалроқ ҳукумат бензин экспортини 2023 йилнинг кузида чеклаган эди. 

Эмбарго давом этиши, бозор иштирокчилари фикрига кўра, ҳукуматнинг нефтни қайта ишлаш заводларига март ойида учувчисиз учоқлар ҳужуми такрорланиши хавфини бартараф этиш иложи йўқлигини ҳисобга олиб, бозорда нархлар кескин ошишига йўл қўймаслик истаги билан боғлиқ, деб ёзади «Коммерсант». 

Украина армияси сўнгги ойларда УУА ёрдамида Россия ҳудудига ҳужумлар сонини изчил оширмоқда. Ҳарбий нишонлар билан бир қаторда нефтни қайта ишлаш заводлари ва нефт маҳсулотларини сақлаш объектлари кўпинча учувчисиз ҳаво ҳужумлари нишонига айланяпти. 

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид