Жаҳон | 16:03 / 15.08.2024
6457
2 дақиқада ўқилади

Туркманистонда СИМ-карта сотиш тўхтатилди. Улар тугаб қолгани айтилмоқда

Туркманистоннинг ягона уяли алоқа оператори “Олтин Аср” телефонлар учун янги СИМ-карта сотишни тўхтатди. Компания ходимлари энди паспорт олиб, СИМ-карта учун ариза берган 16 ёшли фуқароларга рад жавобини бериб, бўш телефон рақамлари йўқлигини таъкидламоқда.

Қайд этилишича, авваллари СИМ-карта харид қилиш учун мурожаат қилганлар навбатга қўйилган бўлса, ҳозир бунинг ҳам иложи йўқ.

Туркманистон пойтахтида яшовчи фуқаронинг сўзларига кўра, компаниянинг марказий офисида ҳам, филиалларда ҳам на янги рақамга, на мавжуд рақамга СИМ-карта олиб бўлмаяпти. Энди мижозлар фақат тарифни ўзгартира олади, деди у.

TMCell савдо белгиси остида фаолият юритувчи “Олтин Аср” юзага келган муаммоларни компаниянинг янги СИМ-карталар сонини кўпайтириш учун техник имконияти йўқлиги билан изоҳлади. Компания бу муаммолар ҳақида расман хабар бермаган.

“Олтин Аср” 2023 йилнинг баҳорида СИМ-карталар савдосини чеклашни бошлаганди. Октябр ойида компания офисларида навбатлар пайдо бўлди, улар 2024 йилнинг баҳоригача чўзилди.

Таъкидланишича, сўнгги йилларда Туркманистон ҳукумати энг илғор технологияларни харид қилиш ва жорий этиш ҳақида мунтазам баёнотлар бериб келади, бироқ мамлакатда уяли алоқа сифати ёмонлашиб, интернет тезлиги пасаймоқда.

Қатор нашрлар бу мамлакат ҳукумати аҳолининг маълумотлардан фойдаланишини назорат қилиши, Туркманистонга оид маълумотлар сизиб чиқишининг олдини олишга уринишини таъкидлади. Туркманистонда бир неча йиллардан бери йирик ижтимоий тармоқлар ва мустақил ахборот воситалари блокланган.

Мавзуга оид