Жаҳон | 20:02 / 16.08.2024
13270
3 дақиқада ўқилади

Трамп Исроил тезроқ ғалаба қозониши ва ҳудуди кенгайишини истамоқда

Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзод Доналд Трамп пайшанба куни антисемитизмга қарши кураш бўйича тадбирда иштирок этган.

Фото: The Times of Israel

Ўз нутқида Трамп рақиби Камала Ҳаррисни танқид қилган, Фаластин тарафдорлари бўлган намойишчиларни «каллакесарлар» деб атаган ва Исроил ҳудудини кенгайтириш масаласини ўртага ташлаган, деб хабар бермоқда TRT.

АҚШ президентлигига демократик партиядан номзод Камала Ҳаррис миллати яҳудий бўлган адвокат Дуглас Эмҳоффга турмушга чиққанига қарамасдан, Трамп уни антисемитизмда ҳамда “Исроил ва яҳудий халқини” йўқ қилишни истаётганликда айблаган.

«Камала Ҳаррис ғарб цивилизациясини, биринчи навбатда Исроил ва яҳудий халқини йўқ қилишни истаётган кучларнинг номзодидир», — деган Трамп ўз чиқишида.

Ғазода бўлаётган хунрезликларга қарши намойишга чиқаётганларни «ҲАМАСни қўлловчи каллакесарлар» ва «жиҳодни қўлловчилар» деб атаб, Трамп агар Оқ уйга қайтадиган бўлса Исроил ҳужумига қарши бўлганларни мамлакатдан чиқариб юборишни ваъда берган.

Трамп навбатдаги марта америкалик яҳудийлар мудом демократларни қўллаб келаётганидан норозилигини билдирган. Сенатдаги демократик кўпчилик етакчиси Чак Шумер — АҚШдаги сайланиш йўли билан энг юқори мартабали лавозимга эришган яҳудийни эса “фаластинлик” деб атаган.

Республикачилар партиясидан номзод, шунингдек, “Яқин Шарқдаги бошқа давлатлар билан солиштиришганда Исроил харитада кичик бир нуқтадек кўриниши”ни таъкидлаб, “Исроилни кенгайтириш”нинг қандайдир йўллари борми, деган масалани ўртага ташлаган.

Трамп тадбирга ўзининг энг йирик донорларидан бири Шелдон Аделсоннинг беваси Мириам Аделсон билан бирга кириб келган. Аделсон хонимнинг айтишича, «Исроилнинг хавфсизлиги ва равнақ топиши учун қайғурадиган ҳар қандай яҳудий» Оқ уйни яна Трамп эгаллаши учун жон куйдириши керак.

Июн ойида Аделсон Исроилнинг ноқонуний оккупация қилинган Ғарбий соҳилни аннексия қилиши ва Фаластин давлатининг тузилишига йўл қўймаслик эвазига Трампни қўллаб-қуввватлаш учун 100 млн доллардан ортиқ маблағ сарфланишини ваъда қилган эди.

Аделсон – Трампнинг исроилпараст ягона йирик донори эмас. Washington Post газетаси собиқ президент июн ойи бошларида айрим донорлар билан учрашгани ҳақида ёзган эди. Ўшанда Трамп Исроилга қарши «намойиш ўтказган ҳар қандай талабани мамлакатдан итқитиб ташлаши»ни ваъда қилган.

«Бизда хорижлик талабалар жуда кўп. Бу гапимни эшитганидан сўнг улар ўзини яхши тута бошлашади», – деган Трамп.

Номи ошкор этилмаган шундай донорлардан бири талабалар ва профессорлар куни келиб раҳбарлик лавозимини эгаллашлари мумкинлигидан шикоят қилганида, Трамп аксилисроил намойишчиларни «радикал инқилоб» тарафдорлари деб атаган ва уларни енгишни ваъда қилган.

Мавзуга оид