Жаҳон | 13:54 / 17.08.2024
5921
2 дақиқада ўқилади

Россия Украинага дронлар ва қанотли ракета билан ҳужум қилди

Суми вилоятидаги турар жой биноси яқинига «Искандер-К» ракетасининг қулаши оқибатида икки киши жабрланди, дея хабар бермоқда маҳаллий ҳокимият. Украина Қуролли кучлари таъкидлашича, барча 14 та дрон уриб туширилган.

Фото: Efrem Lukatsky/dpa/AP/picture alliance

17 август, шанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинага Shahed типидаги 14 та учувчисиз учиш аппарати ва «Искандер-К» қанотли ракетаси билан ҳужум қилди, деб хабар берди Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешчук. Унга кўра, барча дронлар йўқ қилинган. «Искандер-К» ракетаси Суми вилоятида турар жой биноси яқинига қулаб тушди, деб хабар берди вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Алексей Дрозденко Telegram-каналида.

«Свобода шоҳкўчаси ҳудудида ойналар шикастланган, кўплаб машиналар ёнмоқда», деб ёзади Дрозденко. Маҳаллий полицияга кўра, ракета ҳужуми оқибатида икки киши яраланган. Жабрланувчиларни қидириш давом этмоқда. 10 та автомобилни қамраб олган ёнғин ўчирилди, деб хабар берди Украина Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати. 

Запорижжя вилояти: Россия бир кунда 400 дан ортиқ зарба берди

Запорижжя вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Иван Федоров 17 август куни эрталаб Россия Қуролли кучлари сўнгги 24 соат ичида минтақадаги 15 та аҳоли пунктига жами 401 та зарба берганини маълум қилди. Ҳужумларда артиллерия, бир нечта ракета тизимлари ва турли модификациядаги дронлардан фойдаланилган. 

Федоровнинг сўзларига кўра, «турар жой бинолари ва инфратузилма вайрон бўлгани ҳақида 15 та хабар» келиб тушган.

Мавзуга оид