Жаҳон | 18:52 / 19.08.2024
2189
2 дақиқада ўқилади

Россияда мигрантлар иштирокидаги жиноятлар камайгани маълум қилинди

Қотиллик ва қотилликка суиқасд 14 фоизга, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ жиноятлар 21,7 фоизга камайган.

Фото: РИА Новости

Россияда хориж фуқаролари томонидан содир этилган жиноятлар сони камайгани қайд этилди. Бу ҳақда Россия ИИВ матбуот котиби Ирина Волк хабар берди.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йилнинг етти ойида мигрантлар иштирокида содир этилган жиноятлар сони 3,1 фоизга камайган. Умуман олганда, хорижликлар орасида жиноятчилик даражаси деярли 5 фоизга камайди.

«Оғир ва ўта оғир жиноятлар сони 9,2 фоизга камайди», деди ИИВ вакили.

Жумладан, қотиллик ва қотилликка суиқасд 14 фоизга, жинсий дахлсизлик ва жинсий эркинликка қарши жиноятлар 2,5 фоизга, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ жиноятлар 21,7 фоизга камайган.

Аввалроқ, Россияда чет эл фуқароларини айрим ҳуқуқбузарликлар учун суд қарорисиз мамлакатдан чиқариб юбориш ҳуқуқини бериш ҳақидаги қонун қабул қилинди.

Унга кўра, ички ишлар органлари ходимлари чет эл фуқароларини маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун Россиядан депортация қилиш тўғрисида мустақил равишда қарор қабул қилиши мумкин.

Чет элликлар қуйидаги ҳуқуқбузарликлар учун шу тариқа жазоланиши мумкин:

- гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи, ташиш, истеъмол қилиш ва тарғиб қилиш;

- ноанъанавий жинсий алоқалар ва педофилияни тарғиб қилиш;

- виждон ва дин эркинлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган ҳолда миссионерлик фаолияти;

- жамоат жойларида спиртли ичимликларни истеъмол қилиш;

- стадионларда ўзини тутиш қоидаларини бузиш.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид