Жаҳон | 19:49 / 19.08.2024
4655
2 дақиқада ўқилади

«Сила Сибири-2» Россия — Хитой газ қувури лойиҳаси амалга оширилмайди

Россия, Хитой ва Мўғулистон лойиҳа шартлари бўйича келишувга эришолмагани таъкидланмоқда.

Фото: Getty Images

Россия ва Хитой ўртасидаги «Сила Сибири-2» газқувури Мўғулистоннинг 2028 йилгача бўлган миллий ривожланиш режасига киритилмади. Бу ҳақда The South China Morning Post хабар берди.

Шундай қилиб, президент Владимир Путиннинг Хитойга газ етказиб беришни кўпайтириш ва янги «Сила Сибири–2» қувурини қуриш лойиҳаси яқин йилларда амалга оширилмайди, деб аниқлик киритди нашр. Қайд қилинишича, 2,5 минг километр узунликдаги газқувури Мўғулистон орқали ўтиши лозим эди.

Нашрнинг Мўғулистон Хавфсизлик кенгашининг собиқ аъзоси Мунхнар Байарлхавгга таяниб ёзишича, Москва Пекин билан лойиҳа бўйича келишувга эриша олмаган.

«Биз узоқ паузага киряпмиз, чунки Москва Пекиндан ўзи хоҳлаган келишувга эриша олишига энди ишонмаяпти ва эҳтимол лойиҳа бошқа муддатга қолдирилади», деди у.

Россия транзит даромадларидан ташқари, Мўғулистонга лойиҳа қуввати йилига 50 миллиард куб метр бўлган қувурдан газ олишни ҳам таклиф қилган эди.

2022 йилда Россия президенти Владимир Путин Хитой раҳбари Си Жинпингга «Газпром»нинг Европа бозоридаги йўқотишларини қоплаши учун Россиядан газ сотиб олишни йилига 100 миллиард куб метргача оширишни таклиф қилди. Бироқ, Си якунда лойиҳани маъқулламади.

Financial Times хабарига кўра, томонлар газ нархи бўйича келиша олмаган: Хитой нархни Россиянинг ички даражасига, яъни минг кубометр учун тахминан 60 долларга туширишни талаб қилган. Бу Россия газининг бугунги кунда Хитойга сотаётган нархидан тўрт баравар кам: «Сила Сибири-1» газқувури орқали ҳар минг куб метр учун 260 доллар тўланмоқда.

Аввалроқ, Мўғулистон бош вазири Лувсаннамсрайн Оюун-Эрдэнэ Россиядан Хитойга газ қувури қурилишини эълон қилган ва лойиҳа 2029 йилгача якунланишига умид билдирган эди.

Мавзуга оид