Ўзбекистон | 13:11 / 19.08.2024
3850
2 дақиқада ўқилади

Хориждан қайтган фуқаролардан соғлиғидаги ўзгаришларга жиддийроқ қараш сўралди

Санэпидқўмита бошқарма бошлиғи Рустамжон Икромов маймунчечакнинг Ўзбекистонга кириб келмаслиги учун қатъий чоралар кўрилаётганини маълум қилди. У хорижий давлатдан қайтган фуқаролар соғлиғида ўзгариш сезса, ташхислаш учун шифокорга боришини тавсия қилди.

Фото: ССв

Бугун, 19 июн кунги брифингда Санэпидқўмита бошқарма бошлиғи Рустамжон Икромов маймунчечакнинг юқиши ва унга қарши Ўзбекистонда олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Икромовнинг таъкидлашича, маймунчечак касаллиги вирусли инфекция бўлиб, одамларга ифлосланган нарсалар ёки касал ҳайвонлар билан мулоқот ва жинсий мулоқот орқали юқиши мумкин.

Шунингдек, у касаллик Ўзбекистонга кириб келган тақдирда, қандай чоралар кўрилишини санади. Жумладан: 

• юқумли касалликлар шифохонасида ётқизиш мақсадида шифо-ўринлари, зарур дори воситалари захираси ташкил этилди; 

•  касалликка чалинган бемор билан мулоқотда бўлганларнинг 21 кун мобайнида тиббий кузатувини ташкил этиш белгилаб олинди;

• касалликнинг четдан кириб келиши ва тарқалиши олдини олиш борасида халқаро аэропортларда, темирйўл ва автомобил йўллари орқали чегара кесишган жойларда санитария назорати пунктлари мутахассисларининг ҳушёрлиги оширилди;

• маймун чечаги касаллигининг этиологияси, клиникаси, эпидемиологияси ва профилактикаси бўйича услубий қўлланма асосида мутахассисларнинг малакаси оширилди;

• касалликни лаборатор аниқлаш учун тест-диагностикум захираси яратилмоқда.

Санэпидқўмита вакили бу касалликнинг Ўзбекистонга кириб келмаслиги учун қатъий чоралар кўрилаётганини эслатиб, фуқаролардан ҳар қандай ҳолатда шифокорларга ишонч билдиришни ва соғлиғига жиддий муносабатда бўлишни сўради.

Турли давлатларга ташрифларни ҳеч ким чегаралагани йўқ, бироқ ўша давлатларда бўлиб қайтгандан сўнг ёки бошқа сабабларга кўра соғлиғимиздаги баъзи ўзгаришларни фақат шифокорларга мурожаат қилган ҳолда тўғри ташхислаш ва даволаш кераклигини унутмасликни сўрайман”, – деди Рустам Икромов.

Маълумот учун, 14 августда ЖССТ маймунчечак касаллиги тарқалиши бўйича фавқулодда ҳолат эълон қилганди. Касалликнинг IIб кладаси 2022-2023 йилларда асосан Африка давлатларида тарқалган эди. 2024 йилда Iб кладаси янги тўлқинни келтириб чиқараётгани маълум қилинди.

Мавзуга оид