Жамият | 10:27 / 20.08.2024
5345
4 дақиқада ўқилади

Наманганда уйидаги яширин цехда қалбаки дори ишлаб чиқарган фелдшер ва унинг шериклари қамалди

Жиноий гуруҳ “Анаферон”, “Зодак”, “Витамин В6” ва “Хилак Форте” каби дори воситаларини қалбаки усулда тайёрлашган. Яширин цех шароитида тайёрланган дори воситалари асосан Андижон ва Қўқон шаҳарларида сотувга чиқарилган. Жиноий иш доирасида 6 киши турли муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Фото: Видеодан кадр

Наманган вилоятида қалбаки усулда дори воситалари ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳга суд ҳукми ўқилди.

Жорий йилнинг 30 январ куни ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона органлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда Чортоқ туман тез тиббий ёрдам фелдшери ўзининг яшаш хонадонидан Cobalt машинаcbда чиқиб кетаётган вақтида тўхтатилиб, машина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг салонида ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 1000 дона “Зодак” дори воситаси борлиги аниқланганди.

Маълум бўлишича, фелдшер ушбу дори воситаларини сотиш мақсадида Андижон вилоятига юбормоқчи бўлган. Шунингдек, унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, дори воситалари ишлаб чиқариш учун мўлжалланган яширин цех борлиги аниқланган. Цехда сотиш учун тайёрлаб қўйилган 763 дона “Анаферон”, 2125 дона “Зодак”, 4000 дона “Витамин В6” дори воситалари, 570 дона номсиз флаконларда сироплар, дори препаратларини қадоқлашда фойдаланиладиган флаконлар, пластик қопқоқ ва пробкалар, дори қутилари ва йўриқномалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Мазкур шахс дори воситаларини тайёрлаш ва сақлаш учун ўзининг 1977 йилда туғилган опасини ҳамда 1974 йилда туғилган қариндошини жалб қилган. Тадбир давомида унинг опасининг яшаш манзилидан ҳам 120 дона “Зодак”, 260 дона “Анаферон”, 96 дона “Хилак Форте” ва 313 дона номсиз флаконларга солиган сироп ҳолидаги дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тергов жараёнида тез ёрдам фелдшерини дори воситалари тайёрлашда керак бўладиган этикетка, флакон, қопқоқ ва пробкалар, дори қутилари ҳамда йўриқномалар билан Андижон шаҳрида яшовчи, 1991 йилда туғилган шахс таъминлаб турганлиги аниқланган. Шунингдек, ушбу жиноятга алоқадор бўлган Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи, 1986 йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадонида ўтказилган тинтув-тергов ҳаракати давомида тез ёрдам фелдшеридан сотиб олинган, умумий қиймати 27 млн 646 минг сўмлик 150 дона “Зодак” ва 146 дона “Хилак Форте” дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Тергов жараёнида қўлбола усулда тайёрланган дори воситаларининг олди-соттисига Чортоқ туманида яшовчи, 1994 йилда туғилган, тиббиёт йўналишидаги давлат олий таълим муассасасининг талабаси ҳам алоқадор эканлиги маълум бўлган.

Таъкидланишича, яширин цех шароитида тайёрланган дори воситалари асосан Андижон ва Қўқон шаҳарларида сотувга чиқарилган.

ЖИБ Янгиқўрғон туман судининг ҳукмига кўра, жиноий гуруҳ аъзолари Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан айбли деб топилган. Чортоқ туман тез тиббий ёрдам фелдшери ҳамда уни хом-ашё билан таъминлаб турган фуқарога 5 йил 6 ой муддатга, қолган 4 нафар шахснинг ҳар бирига 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Ашёвий далил сифатида олинган барча дори воситалари эса тегишли тартибда йўқ қилинди.

Мавзуга оид