Ўзбекистон | 16:05 / 06.08.2024
6118
2 дақиқада ўқилади

Наманганда сохта трейдерга ишонган аёл қарийб 100 млн сўмга чув тушди

Фирибгарликда гумонланаётган шахс жабрланувчи аёл билан ижтимоий тармоқлар орқали гаплашиб, трейдерлик фаолияти билан шуғулланишини айтган. Сўнгра унга пулларини биржа орқали оз фурсатда кўпайтириб беришни ваъда қилиб, 92 млн сўмини ўтказиб олишга эришган.

Наманганда фуқаронинг 92 млн сўм пулларини ўзлаштирган фирибгар трейдернинг қилмишларига чек қўйилди. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар берди.

Маълум қилинишича, Наманган вилоятида яшовчи Ш.Г. ариза билан мурожаат қилиб, ўзининг банк картасидаги 92 млн сўм пул номаълум шахс томонидан ўзлаштириб олинганини билдирган. Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур жиноятни Наманган вилоятида яшовчи, муқаддам фирибгарлик жинояти билан судланган Р.Н. содир этгани аниқланган.

Гумонланувчи сифатида терговга жалб этилган Р.Н. жабрланувчи аёл Ш.Г. билан Telegram орқали ёзишган ҳамда унга ўзини трейдерлик фаолияти билан шуғулланишини айтиб, пулларини биржа орқали кўпайтириб беришини ваъда қилган. Шу тариқа у алдов йўли билан жабрланувчининг 92 млн сўм миқдордаги пулини ўтказиб олишга эришиб, берган ваъдасини бажармасдан, пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Ҳолат юзасидан Р.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Telegram орқали сохта ҳавола жўнатиб, ўзганинг 27 млн сўм пулини ўзлаштирган шахс ушлангани хабар қилинганди.  

Мавзуга оид