Жаҳон | 11:28 / 23.08.2024
1266
2 дақиқада ўқилади

ЕИ яна Минскни барча сиёсий маҳбусларни озод қилишга чақирди

Брюссел Минск томонидан 30 нафар сиёсий маҳбуснинг озод этилишини эътиборга олди. Шу билан бирга, Европа Иттифоқи сиёсий сабабларга кўра судланганларни зудлик билан озод қилишга ва барча маҳбусларга зарур тиббий ёрдам кўрсатишга чақирди.

Фото: DW/A. Burakow

Беларус ҳукумати оз сонли сиёсий маҳбусларни озод қилганини таъкидлаб, Европа Иттифоқи ҳибсдаги шароитлари кўпинча ҳаётига таҳдид соладиган барча сиёсий маҳбусларни зудлик билан ва сўзсиз озодликка чиқаришни талаб қилишда давом этмоқда. Бу ҳақда ЕИ ташқи сиёсати вакили Питер Станонинг 22 август, пайшанба куни чоп этилган баёнотида айтилади.

Брюсселнинг эслатишича, Беларусда 1300 дан ортиқ сиёсий маҳбуслар, жумладан, Сергей Тихановский, Игор Лосик, Мария Колесникова, Николай Статкевич, Максим Знак ва Виктор Бабарико кабилар қамоқхоналарда қолмоқдалар.

Станонинг баёнотида, шунингдек, Европа Иттифоқи озод этилганларнинг баъзилари шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож эканлигига эътибор қаратгани айтилади. Европа Иттифоқи Минск ҳукуматини барча маҳбусларга етарли тиббий ёрдам кўрсатишга чақирди.

16 август куни Беларус раҳбари Александр Лукашенко 2020 йилги президентлик сайловларидаги сохталаштириш натижасида тинч намойишларда иштирок этганликда айбланган 30 кишини - 14 аёл ва 16 эркакни афв этиш ҳақидаги фармонни имзолади. Афв этилганлар орасида оғир хасталикка чалинганлар ва пенсионерлар ҳам бор.

Мавзуга оид