Жаҳон | 10:52 / 24.08.2024
2699
3 дақиқада ўқилади

Аризоналик эркак Трампга таҳдид қилганидан кейин ҳибсга олинди

Трампнинг штатга ташрифи чоғида аризоналик кекса одам қидирувга берилди. У президентликка номзод республикачини ўлдириш билан таҳдид қилган.

Фото: Reuters

АҚШнинг Аризона штатидаги Кочиз округи полицияси аввалроқ ижтимоий тармоқларда президентликка номзод Доналд Трампни ўлдириш билан бир неча бор таҳдид қилган 66 ёшли Роналд Сиврудни ҳибсга олди. Бу ҳақда 23 август, жума куни округ шерифи офиси маълум қилди. Сивруднинг ҳибсга олиниши 22 август куни, Оқ уй собиқ раҳбари сайловолди кампанияси доирасида АҚШ-Мексика чегарасида нутқ сўзлаш учун округга келган куни содир бўлган

Сивруд «сўнгги бир неча ҳафта ичида» номи очиқланмаган ижтимоий тармоқларда «номзодга тан жароҳати етказилишини кўрсатувчи иборалар» билан камида иккита хабарни чоп этди, дея аниқлик киритди CNN. Хабарлардан бири Трамп округга келишидан бир кун олдин, 21 август куни эълон қилинган. 

Шу билан бирга, Сивруд бошқа ҳуқуқбузарликлар – хусусан, маст ҳолда автомобил бошқарганлиги, жиноят содир этилган жойдан қочиб кетганлиги ва жинсий характердаги жиноятни содир этган шахс сифатида аллақачон қидирувга берилган. 

Шериф идорасининг маълум қилишича, эркак «ҳеч қандай ҳодисасиз ҳибсга олинган». У ҳақидаги маълумотлар АҚШ Махфий хизматига ўтказилди, у қўшимча текширув ўтказмоқда. 

Трамп суиқасддан кейин биринчи марта очиқ ҳавода чиқиш қилди

21 август куни АҚШ собиқ президенти ва олий давлат лавозимига даъвогарлик қилаётган республикачи номзод Доналд Трамп Шимолий Каролина штати Эшборо шаҳрида суиқасддан сўнг биринчи очиқ сайловолди митингини ўтказди. Суиқасд содир этилган кундан бошлаб унинг барча оммавий чиқишлари фақат бино ичида бўлиб ўтганди.

Трамп нутқ сўзлаган трибуна атрофига ўқ ўтказмайдиган ойна ўрнатилган. Собиқ президент нутқи ўртасида митинг иштирокчиларидан бири жазирама туфайли ўзини нохуш ҳис этган, шундан сўнг Доналд Трамп саҳнадан туриб аёлга тиббий ёрдам кўрсатишни сўради, ҳимоя ойнаси ортидан чиқиб, тарафдорини оломон олқишлари остида қучоқлаган.

Мавзуга оид