Жаҳон | 11:01 / 26.08.2024
3836
2 дақиқада ўқилади

АҚШ: Қизил денгиз ҳусийчилар ҳужумлари туфайли фалокат ёқасида турибди

АҚШ Давлат департаменти Яман ҳусийчилари зарба берган MV Sounion танкеридан бир миллион баррел нефт Қизил денгизга сизиб чиқиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Бу тарихдаги энг фалокатли экологик офатлардан бири бўлади.

Фото: KHALED ABDULLAH/REUTERS

Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ҳусийчилар томонидан Яман қирғоқлари яқинида MV Sounion нефт танкерининг ўққа тутилиши бир миллион баррел нефтнинг Қизил денгизга сизиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда 24 август куни АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Мэттю Миллер огоҳлантирди

Танкер экипажи эвакуация қилинган, бироқ «ҳусийчилар кема ва унинг юкини денгизда чўктиришга қатъий қарор қилган кўринади», дея хабар берди АҚШ ташқи сиёсат идораси. Эрон томонидан қўллаб-қувватланган исёнчилар бир неча ой давомида ўтказган ҳужумларида «яманликлар ва минтақадаги бошқалар ҳаётини қўллаб-қувватловчи балиқ овлаш иқтисодиёти ва маҳаллий экотизимларни йўқ қилиш» ниятида эканини очиқ кўрсатди, дея қўшимча қилди Миллер. У ҳусийчиларни «бу ҳаракатларини зудлик билан тўхтатишга» чақирди. 

Ҳусийчилар MV Sounion нефт танкерига ҳужум қилди 

Греция компаниясига тегишли бўлган ва 150 минг тонна хом нефт ташувчи MV Sounion кемасига 21 август куни Яманнинг Ходейда порти яқинида учта снаряд келиб тегди. Яман ҳусийчилари танкерга учувчисиз учоқлар ва ракеталарни отишганини айтди. 

Қизил денгиздаги савдо кемаларини ҳимоя қилиш бўйича Европа Иттифоқининг Aspides денгиз миссияси икки нафар россиялик ва 23 нафар филиппинликдан иборат MV Sounion экипажини хавфсиз жойга эвакуация қилди. Ўшандан бери кема, Delta Tankers маълумотларига кўра, Қизил денгизда Эритрея ва Яман ўртасидаги лангарда жойлашган. Aspides, шунингдек, назоратсиз қолган танкер юк ташиш ва атроф-муҳит учун хавф туғдириши ҳақида огоҳлантирди. 

23 август куни Британия денгиз хавфсизлиги бошқармаси (UKMTO) MV Sounion кемасида учта ёнғин содир бўлганини маълум қилди. Ҳусийчилар томонидан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеода танкерда содир бўлгани тахмин қилинаётган учта портлаш акс этган. 

Мавзуга оид