Жаҳон | 14:29 / 26.08.2024
31310
4 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг хавфли денгизлар маълум қилинди

Сайёрамиздаги айрим денгизлар олдиндан айтиб бўлмайдиган об-ҳавоси ва инжиқликлари билан денгизчилар ҳаёти учун ниҳоятда хавфли ҳисобланади.

Фото: AP

Кучли оқим ва довулларга бой бундай денгизлар кўпинча уларни кесиб ўтмоқчи бўлган кемалар учун қабристонга айланади. Дрейк бўғози, Бермуд учбурчаги ва Жанубий Хитой денгизи шулар жумласидандир.

Дрейк бўғози

Жанубий Америка ва Антарктида ўртасидаги тор сув ҳавзаси дунёдаги энг ҳалокатли жойлардан бири ҳисобланади. Инглиз тадқиқотчиси Фрэнсис Дрейк шарафига номланган ва 1578 йилда дунё бўйлаб саёҳат пайтида кашф этилган ушбу бўғоз ўзининг бўронли ҳавоси ва кучли оқимлари билан машҳур.

Кенглиги тахминан 800, узунлиги 400 километр бўлган бўғоз Антарктидани Жанубий Америкадаги Горн буруни, шунингдек, Атлантика ва Тинч океанлари билан боғлайдиган энг қисқа ўтиш жойи ҳисобланади. Унинг максимал чуқурлиги 5840 метр.

Дрейк бўғозида кенгроқ қуруқликлар бўлмагани сабабли, оқимлар бемалол катта ҳажмдаги сувни ҳайдаши мумкин. Масалан, секундига 100 дан 150 миллион куб метргача сувни силжита оладиган Антарктика сиркумполяр оқими ҳар қандай кемалар учун хавф туғдирадиган айсбергларни ҳам бўғоз орқали суриб юборади. Бундан ташқари, бўғозда 9 -12 метргача баландликдаги тўлқинларни келтириб чиқарувчи кучли шамоллар эсиб туради.

Ушбу омилларнинг барчаси нафақат тарихий экспедициялар даврида, балки бугун ҳам Антарктидадаги саёҳатчилар учун ҳалокатли тўсиқ яратмоқда.

Бермуд учбурчаги

Жаҳон ҳамжамияти эътиборини тортган яна бир сув ҳавзаси — Бермуд учбурчагидир. Атлантика океанидаги Бермуд оролларидан Пуэрто-Рикога ва Флориданинг жанубий чеккасигача чўзилган 1,3 миллион квадрат километрлик улкан макон асрлар давомида кўплаб кемаларни сирли тарзда “ютиб юборган”. Улардан биринчиси ҳақида 1950 йил 17 сентябрда хабар берилган.

Бу ғалати воқеаларга ҳар хил изоҳ берилади: уйдирмалардан тортиб ҳақиқатгача. Бироқ тадқиқотларга кўра, ушбу ноаниқ чизилган учбурчакдаги бахтсиз ҳодисалар океаннинг бошқа қисмларидан кўп эмас.

Ҳалокатларга биринчи изоҳ — кемаларнинг кескин ҳаракатланишида. Океаннинг ушбу қисмидан транспорт воситалари кўп ўтгани сабабли бахтсиз ҳодисалар улуши ҳам юқори бўлади. Бермуд учбурчагининг 5 километргача чўзилган чуқурлиги эса йўқолган кемаларни қидиришни мураккаблаштиради.

Жанубий Хитой денгизи

Яна бир хавфлиси Жанубий Хитой денгизи бўлиб, у дунё океанидаги энг катта денгизлардан бири — майдони 3537 минг квадрат километрни ташкил этади. Тинч океанининг бу қисмида, айниқса, муссон мавсумларида кучли тропик бўронлар ва тайфунлар тез-тез содир бўлади. Кўплаб ўрганилмаган саёзликлар ва рифлар эса денгизда саёҳат қилувчи кемалар учун қўшимча тўсиқлар яратади.

Жанубий Хитой денгизи стратегик ва ресурсларга бой минтақа. Юқорида қайд этилган бошқа денгизлардан фарқли ўлароқ, у ерда айнан инсон омили билан боғлиқ яна бир таҳдид мавжуд — минтақадаги геосиёсий кескинлик, чунки бир нечта давлатлар унинг ҳудудига даъвогарлик қилмоқда. Бу келишмовчиликлар ҳатто ҳарбий қарама-қаршиликларга ҳам олиб келган, бугунги кунда эса ҳудудда милитаризация кучайиши кузатилмоқда.

Асрлар давомида Жанубий Хитой денгизининг яна бир муаммоси қароқчилик эди. Сўнгги ўн йилликларда қароқчилик даражаси пасайган бўлса-да, минтақанинг улкан ва баҳсли сувлари туфайли ҳаракатланиш муаммоси сақланиб қолмоқда.

Мавзуга оид