Ўзбекистон | 11:15 / 26.08.2024
15484
2 дақиқада ўқилади

Ҳафта ўртасида Ўзбекистон ҳудудига нисбатан салқин ҳаво кириб келади 

Ўзбекистон бўйича 26-30 август кунларига об-ҳаво прогнози берилди.

Фото: Kun.uz

Бугун ва эртага Ўзбекистон бўйича қуруқ ва илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Ҳудуднинг катта қисмида ҳаво ҳарорати +32...+35 даража атрофида, жанубда +36...+38 даражагача бўлади.

Ҳафта ўртасида республика ҳудудига нисбатан салқин ҳаво кириб келади ва ҳарорат фони 2-3 даражага пасаяди. Чоршанба ва пайшанба кунлари ҳаво ҳарорати кундуз кунлари +27...+30 даража атрофида, жанубда +35 даражагача бўлади. Кечаси ва эрта тонгда ҳарорат +17...+20 даражагача пасайиши кутилмоқда.

Жума кунидан бошлаб ҳарорат аста-секин кўтарилади, ҳароратнинг ушбу кўтарилиши дам олиш кунларида ҳам давом этади. Кундуз кунги ҳарорат яна +30...+35 даражагача кўтарилади.

28 август – чоршанба куни Тошкент, Жиззах, Сирдарё вилоятларининг айрим жойларида жадаллиги бироз бўлган қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. 28-29 август кунлари Фарғона водийси вилоятларида, шунингдек, республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида момақалдироқли қисқа муддатли ёмғир ёғиши кутиляпти.

Шарқий йўналишдаги шамол, ғарбдан 9-14 м/с тезликда эсади, 28 августда баъзи жойларда 15-20 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.

Пойтахтда асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат 28 августда бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин, шамол тезлиги 10-12 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат асосан кечалари +15...+20 даража, кундуз кунлари 26-27 августда +30...+33 даража, 28-29 августда +27...+30 даража бўлади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид