Жаҳон | 20:22 / 27.08.2024
6129
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Кореяга қочиб ўтган америкалик аскар айбига иқрор бўлди

КХДР билан чегарани кесиб ўтгунга қадар у икки ой Жанубий Кореяда фуқароларга ҳужум уюштириш ва полиция машинасига оёғи билан шикаст етказишда айбланиб, қамоқда ўтирган.

Фото: AFP/Getty Images

Жанубий Кореядан КХДРга қочиб ўтган америкалик аскар Трэвис Кинг дезертирлик бўйича ўз айбини тан олди, деб хабар беради BBC.

2023 йил июлда АҚШ армияси Кингга нисбатан чегарани ноқонуний кесиб ўтиш бўйича 14 та айблов эълон қилганди. У айбловларнинг фақат бештаси, жумладан, дезертирлик ва ҳужум бўйича айбига иқрор бўлмоқда.

Ҳарбий хизматчи ўз айбига иқрор бўлиши ва ҳукм эълон қилинишига бағишланган эшитув 20 сентябр куни Техасдаги Форт-Блисс ҳарбий базасида бўлиб ўтади. «Трэвис иши ҳарбий судда кўриб чиқилади», — дейилади хабарда.

Қораловчи томон билан келишув доирасида қолган айбловлар, жумладан, болалар порнографиясини сақлаш бўйича айблов олиб ташланиши кутилмоқда.

Оддий аскар Кинг 2021 йил январдан бери армияда хизмат қилиб келади ва бўлинмалар ротацияси доирасида Жанубий Кореяга юборилган. КХДР билан чегарани кесиб ўтгунга қадар у икки ой Жанубий Кореяда фуқароларга ҳужум уюштириш ва полиция машинасига оёғи билан шикаст етказишда айбланиб, қамоқда ўтирган.

Трэвис 10 июлда — мамлакатнинг Пхенян билан чегарасини кесиб ўтишидан саккиз кун олдин озод қилинган. Кингни АҚШга олиб келиш бўйича музокаралар швециялик амалдорлар воситачилигида амалга оширилган бўлиб, натижада аскар Шимолий Кореянинг Хитой билан чегарасига етказилган.

Мавзуга оид