Жаҳон | 08:31 / 28.08.2024
8194
3 дақиқада ўқилади

Россия Украина билан уруш қатнашчиларига Қримдан ер беради

Қримда Россия қуролли кучлари билан шартнома тузган Украина билан уруш қатнашчиларига ҳокимият яриморолдан ер участкаларини беради. Ҳарбий хизматчининг рўйхатдан ўтган жойи муҳим эмас.

Фото: РИА Новости / Константин Михальчевский

Қримда Россия қуролли кучлари билан шартнома тузган Украина билан уруш қатнашчиларига ҳокимият яриморолдан текин ер участкалари беради. Москвага бўйсунувчи «Қрим республикаси»нинг «қонунчилигига» тегишли ўзгартиришлар киритилиши 27 август, сешанба куни унинг «ҳукумати» сайтида эълон қилинди.

Нашрда таъкидланишича, Россия Федерациясининг бундай фуқаролари «Россия Федерацияси ҳудудида рўйхатдан ўтган ва яшаш жойидан қатъи назар» Қримда ер олишлари мумкин. Шунингдек, «қонун» «расмий эълон қилинган кундан бошлаб 10 кун ўтгач» кучга кириши айтилади.

Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги қайд этишича, шу пайтгача фақат яриморол аҳолиси Қримда Украина билан урушда қатнашгани учун ҳокимиятдан ер олиши мумкин эди.

Россия армияси сафарбарликсиз тўлдирилмоқда

Россия фронтдаги йўқотишларнинг ўрнини тўлдиришга улгурмаяпти, у максимал даражага етди, деб ёзади Bloomberg. Украина қуролли кучларининг Курск вилоятидаги операцияси Москва мудофаа захиралари йўқлигини кўрсатди. Россия Мудофаа вазирлиги ва Кремлга яқин манбаларга кўра, шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар учун тўловлар сезиларли даражада ошганига қарамай, Россия ҳудудлари чақирув квоталарини ўртача учдан бир қисмига тўлдирмаяпти. Шу муносабат билан, йил охиригача Россияда янги сафарбарлик эълон қилинишини истисно қилинмайди - эҳтимол фронтдаги ҳарбий хизматчиларнинг «ротацияси» сифатида.

Айни пайтда, РФ қуролли кучлари Россия қамоқхоналаридаги маҳбусларни ёллашда давом этмоқда ва Курск вилоятида муддатли ҳарбий хизматчилар шартнома тузишга мажбур. Россия, шунингдек, глобал жанубдаги мамлакатлар фуқароларини фаол равишда жангга жалб қилмоқда, уларга юқори маош ва фуқароликни ваъда қилмоқда. Украина қуролли кучларига таслим бўлган бундай хорижликлар, ваъдаларга зид равишда, фронт чизиғига жўнатилганини айтишди. 

Re: Russia лойиҳаси ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йил июлидан 2024 йил июнигача бўлган 12 ой давомида Украина билан урушда қатнашган ҳарбий хизматчиларга, шунингдек, ярадорлар ва жанговар ҳаракатлар пайтида ҳалок бўлганларнинг яқинларига тўланадиган тўловлар 2,75-3 трлн рублга тенг бўлиши керак эди. Бу Россиянинг 2024 йилда кутилаётган ЯИМ тахминан 1,5 фоизига тенг.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид