Жаҳон | 08:20 / 29.08.2024
3085
3 дақиқада ўқилади

Россия ҳужумлари фонида НАТО Украинага ёрдамни оширмоқда

НАТО бош котиби Украина иттифоқчилари Россиянинг мамлакат ҳудудига янги йирик ҳужумлари муносабати билан ҳарбий ёрдамни кенгайтириш нияти ҳақида эълон қилди. У бу қадамни Украина мудофааси учун зарурий шарт деб атади.

Фото: Vitalii Vodolazskyi/Shutterstock

Россиянинг Украина ҳудудига қилган оммавий ҳужумларидан сўнг Шимолий Атлантика алянси Киевни қўллаб-қувватлашни кучайтиришга тайёр. Бу ҳақда 28 август, чоршанба куни НАТО-Украина кенгаши йиғилишидан сўнг унинг бош котиби Йенс Столтенберг маълум қилди.

«Бугун иттифоқчилар Украинага ҳарбий ёрдамни ошираётганини тасдиқладилар, - деди у. - Украинани Россиядан ҳимоя қилиш учун зарур бўлган жиҳозлар ва ўқ-дорилар билан таъминлашда давом этишимиз керак». Шу билан бирга, алянс раҳбари Киевга ҳарбий юкларни кўпайтириш мамлакат мудофаасини таъминлашнинг асосий шарти эканини таъкидлади.

НАТО аъзолари Россиянинг тинч аҳолига берган зарбаларини қоралади

Столтенбергнинг сўзларига кўра, НАТО-Украина кенгаши йиғилишида жанг майдонидаги воқеалар ва Украинанинг устувор эҳтиёжлари муҳокама қилинган. Алянс аъзолари Россиянинг Украина тинч аҳолиси ва инфратузилмаларига қарши ҳаво ҳужумлари кучайганини кескин қоралади.

Элчилар даражасидаги кенгаш йиғилиши Киев илтимосига кўра чақирилган. НАТО матбуот хизмати хабарига кўра, Украина мудофаа вазири Рустем Умеров унга видео-алоқа орқали қўшилган ва иттифоқчиларни хавфсизлик ҳолати ҳамда ўз мамлакатининг устувор эҳтиёжлари ҳақида хабардор қилган.

Томонлар, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва ракеталарни етказиб бериш масаласини муҳокама қилишди, деди Умеров Facebook’да учрашув якунлари бўйича. Бундан ташқари, Киев ҳамкорлари билан Украинанинг ғарбий ҳудудлари устидан ҳаво ҳужумидан мудофаа қалқони яратиш бўйича маслаҳатлашувларни давом эттирмоқда.

«Иттифоқчиларимиздан чексиз қўллаб-қувватлагани ва ваъда қилинган ёрдами учун миннатдорман», — дея қўшимча қилди Украина мудофаа вазири.

НАТО-Украина кенгаши 2023 йил июл ойида НАТО саммитида тузилган ва маслаҳатлашувлар, қарорлар қабул қилиш ва биргаликдаги ҳаракатлар учун платформани тақдим этади. Унинг йиғилишларида одатда алянсга аъзо давлатларнинг доимий вакиллари ва Украина расмийлари иштирок этади. 

NSATU миссияси сентябр ойида бошланади 

НАТОнинг июл ойида Вашингтонда бўлиб ўтган юбилей саммитида кўплаб иттифоқчилар Украинага қўшимча ҳаво мудофаа тизимлари, жумладан Patriot батареяларини юборишини эълон қилди. Шунингдек, улар 2025 йилда Киевга камида 40 миллиард евро миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича келишувга эришди. Бундан ташқари, сентябр ойида Украинага ҳарбий ёрдамни мувофиқлаштириш бўйича янги дастур - «НАТОнинг Украина учун хавфсизлик бўйича кўмак ва тренинги» - Nato Security Assistance and Training for Ukraine (NSATU) бошланади. У Қўшма Штатлар шафелигидаги «Рамштайн» форматини алмаштирмайди, балки уни тўлдиради ва қўллаб-қувватлайди. 

Алянс Украина ҳарбий хизматчиларининг НАТО ўқув базаларида ўқитилишини назорат қилади, Киевга қурол-яроғ етказиб беришни режалаштиради ва мувофиқлаштиради, шунингдек, жиҳозларни етказиб бериш ва таъмирлашни бошқаради. Миссия штаб-квартираси Германиянинг Висбаден шаҳрида жойлашган. 

Мавзуга оид