Жаҳон | 10:48 / 30.08.2024
5101
3 дақиқада ўқилади

Le Monde: россиялик ёлланма аскарлар Буркина-Фасони тарк этяпти

«Медведи» ёлланма бригадаси Украина қуролли кучларининг Курск вилоятидаги ҳужумини қайтариш учун Африкадан чақириб олинган, бу ҳақда ОАВ ва Telegram-каналлари хабар бермоқда.

Фото: AP

29 август, пайшанба куни Франциянинг Le Monde газетаси ёзишича, Россиянинг «Медведи» деб номланган «махсус кучлар бригадаси»ёлланма аскарлари Буркина-Фасони тарк этмоқда.

Гап май ойида Африка давлати пойтахти Уагадугуга «бир қатор асосий шахсларни, шу жумладан, эҳтимол, хунта раҳбари капитан Иброҳим Траорени ҳимоя қилиш мақсадида келган юзга яқин ҳарбийлаштирилган гуруҳ ҳақида бормоқда», дея аниқлик киритади нашр.

Le Monde нашри таъкидлашича, россиялик ёлланма аскарларнинг Африкани тарк этишига уларнинг 6 августдан бери давом этаётган Украина қуролли кучлари ҳужумидан минтақани ҳимоя қилиш учун Курск яқинига кўчирилиши сабаб бўлган. Журналистлар таъкидлашича, 22 август куни улар бригада командири, «Джедай» чақирув белгисига эга Виктор Ермолаев билан Telegram орқали билан боғланган ва у кучлар олиб чиқилиши ҳақидаги маълумотни тасдиқлаган.

Француз газетасининг таъкидлашича, «Медведи» бригадаси Россия мудофаа вазирлиги билан алоқани рад этади. Бироқ, Россия мудофаа вазирлиги баъзи раҳбарлари у билан алоқада бўлганлиги ҳақида далиллар мавжуд. Хусусан, 2023 йилнинг 5 апрелида Россия мудофаа вазири ўринбосари, «ҳозирда Африка қитъасидаги Кремлнинг бутун ҳарбий мавжудлигини назорат қилувчи Юнус-Бек Евкуров шахсан «Перевальное» лагерига (Қримда жойлашган) ташриф буюриб, қўллаб-қувватлов таклиф қилган», — дейилади нашр.

«Медведи» бригадаси ҳақида

17 август куни Россия давлатига яқин бўлган «Царьград» портали «Медведи» 81-алоҳида махсус кучлар бригадаси ватанни ҳимоя қилиш учун Африкадан Россияга Курск яқинида қайтмоқда», деб ёзган эди.

Худди шу нашрда айтилишича, ушбу бригада 2023 йилда армия махсус кучлари фахрийларидан тузилган ва «Россия Мудофаа вазирлиги уни қурол ва жиҳозлар билан таъминлайди».

Айни пайтда, 27 август куни «Медведи» бригадаси Telegram-каналида қуйидаги хабар пайдо бўлди: «Сўнгги воқеалар муносабати билан бригада Қримга қайтади».

Мавзуга оид