Жаҳон | 09:47 / 30.08.2024
4697
2 дақиқада ўқилади

Нидерландия Украинага Россия узра F-16'дан фойдаланишга рухсат берди

Нидерландия қуролли кучлари қирувчи самолётлардан фойдаланишга ҳеч қандай чекловлар қўймаганини таъкидлади – Украина қуролли кучлари F-16 ва Нидерландиядан берилган бошқа қуроллардан ўз хоҳишига кўра фойдаланиши мумкин.

Фото: AP

Украина Россия ҳудудида Нидерландиядан олинган F-16 қирувчи самолётларидан фойдаланиши мумкин. Нидерландия қуролли кучлари қўмондони Онно Эйхелсхайм 29 август, пайшанба куни NOS миллий телерадиокомпаниясига берган интервюсида шундай деди: "Биз F-16 самолётларидан фойдаланиш ва парвоз масофасига ҳеч қандай чекловлар қўймадик".

Эйхелсхаймнинг сўзларига кўра, худди шу нарса Нидерландия томонидан етказиб берилган бошқа қуролларга ҳам тегишли - Украина қуролли кучлари агар бу халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойилларига мос келса, уларни жанг майдонида «ўз хоҳишига кўра» тасарруф этиши мумкин. «Биз Украина урушда ғалаба қозонишини хоҳлаймиз ва бунинг амалга ошиши учун барча саъй-ҳаракатларни кўрамиз», деб тушунтирди ҳарбий амалдор.

Умуман олганда, Нидерландия Украинага 24 та F-16 қирувчи самолётини топширишга ваъда берди. Эйхелсхайм уларнинг қанчаси мамлакатда жойлаштирилганини айтмади.

Зеленский: Украина Россияга қарши F-16'дан фойдаланишга тайёрланмоқда

Украина Ғарб томонидан етказиб берилган F-16 қирувчи самолётларини Россияга қарши ишлатишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский 26 август куни маълум қилди. 

«Бугун мен кунни [Украина қуролли кучлари бош қўмондони Александр] Сирский билан алоҳида узоқ суҳбатдан бошладим: биз бу ракета ҳужуми учун Россияга жавоб беришга тайёрланяпмиз. F-16’дан фойдаланиш ва Курск вилоятидаги операция учун сўнгги 24 соат ичида назорат зонасини кенгайтирдик ва алмашиш фондини тўлдирдик».

Зеленскийнинг сўзларига кўра, бошқа фронтлардаги вазият, жумладан, Россия армияси аста-секин олға силжиб бораётган ва шиддатли жанглар кетаётган Покровский йўналиши ҳам муҳокама қилинган. Бундан ташқари, Украина раҳбари энергетика объектларини Россия ҳужумларидан ҳимоя қилиш бўйича «бир қанча муҳим қарорлар» ҳақида эълон қилди, аммо тафсилотларни келтирмади. 

Мавзуга оид