Жаҳон | 20:28 / 31.08.2024
2412
2 дақиқада ўқилади

Британия ўз маҳбуслари учун Эстония қамоқхоналарини ижарага олиши мумкин

Мамлакат қамоқхоналаридаги маҳбуслар сони 88 мингдан ошди, бу 2011 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир.

Фото: Getty Images

Эстония адлия вазири Лииса Пакоста Буюк Британиядаги қамоқхоналар тўлиб кетганлиги ҳақидаги хабарлар фонида британиялик маҳбусларни ўз мамлакати қамоқхоналарига жойлаштиришга ёрдам беришни таклиф қилди, деб ёзди «Коммерсант».

Унинг сўзларига кўра, у аллақачон Вазирлар Маҳкамасига меморандумни муҳокама қилиш учун тақдим этган. Буюк Британия Швеция билан ҳам шундай музокаралар олиб бормоқда.

Аввалроқ, Буюк Британияда судяларга кичик жиноятларда айбланганларни қамоқ жазосига маҳкум қилмаслик тавсия берилган эди. The Sun нашрининг хабар беришича, баъзи маҳбусларни муддатидан олдин озод қилиниши режалаштирилган.

Пакоста хоним айтганидек, Эстонияда қамоқхоналарни ижарага олиш Британияга 25 миллион фунт стерлингга тушиши мумкин.

Агар томонлар келишувга эришса, маҳбусларни кўчириш 10 сентябрдан бошланиши мумкин. Шу билан бирга, терроризм, оиладаги зўравонлик, жинсий дахлсизликка қарши жиноятлар ва бошқа оғир жиноятлар учун судланганлар хорижга юборилмайди.

Буюк Британия Европа Иттифоқи мамлакатлари орасида қамоқдаги маҳбуслар сони бўйича биринчи ўринда туради. 30 август кунги маълумотларга кўра, Буюк Британия қамоқхоналаридаги маҳбуслар сони 88 мингдан ошди, бу 2011 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир. Қамоқхоналар тўлиб кетганлиги туфайли Буюк Британия Адлия вазирлиги 19 августдан маҳбусларни полиция камераларига жойлаштиришни бошлади.

Буюк Британия ҳукумати ўз маҳбусларини жойлаштириш учун бошқа мамлакатлардаги қамоқхоналарни ижарага олиш имкониятини аллақачон ўрганиб чиққан. 2023 йил октябр ойида Англия ва Уэлсда судланганларга жазони хорижда ўташга рухсат берувчи қонунга ўзгартириш киритиш режалари эълон қилинди. Британиялик сиёсатчилар Белгия ва Норвегиядаги ўхшаш тажрибаларга тўхталиб, Эстония ва Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари билан музокаралар олиб борди.

Мавзуга оид