Жаҳон | 20:14 / 31.08.2024
4635
2 дақиқада ўқилади

Хитой ва Филиппин кемалари баҳсли ҳудудда бир-бири билан тўқнашиб кетди

Ҳодиса Хитой соҳил қўриқлаш хизматининг 5205 кемаси ҳамда Филиппиннинг йирик патрул кемаларидан бири бўлган Teresa Magbanua иштирокида юз берган.

Фото: Видеодан кадр

Жанубий Хитой денгизининг баҳсли ҳудудида Хитой ва Филиппинга тегишли кемалар ўзаро тўқнашиб кетди, деб хабар беради Reuters.

Хитой соҳил қўриқлаш хизматининг маълум қилишича, Филиппинга тегишли кема ноқонуний равишда Жанубий Хитой денгизининг Сянбин рифи ҳудудига кирган ва Хитойга тегишли кемани «қасддан туртиб кетган».

Филиппин соҳил қўриқлаш хизмати эса «тўқнашувда» Пекинни айблади.

Сингапурнинг CNA канали маълумотларига кўра, ҳодиса Хитой соҳил қўриқлаш хизматининг 5205 кемаси ҳамда Филиппиннинг йирик патрул кемаларидан бири бўлган Teresa Magbanua иштирокида юз берган.

Хитойнинг Филиппин билан Жанубий Хитой денгизидаги ҳудудий баҳси давом этмоқда — Ҳаага арбитраж суди Хитой ушбу ҳудудларда ҳеч қандай ҳуқуққа эга эмаслиги бўйича қарор чиқарган.

19 август куни Филиппиннинг Палаван оролидан 200 километр, Хитойнинг Хайнанидан эса 1000 километр узоқликда ҳам ҳар икки давлат кемалари тўқнашиб кетганди. Ушбу ҳудуд орқали Хитой ва Ҳинд океани орқали муҳим савдо йўли ўтган.

Баҳорда АҚШ Ҳинд-Тинч океани қўмондонлиги раҳбари адмирал Жон Акилино Вашингтон Хитойнинг ҳаракатларидан хавотирда эканини билдирганди. Пекиннинг Жанубий Хитой денгизида назоратни ўрнатиш бўйича бир томонлама қадамларини Акилино «хавфли, ноқонуний ва минтақани беқарорлаштирувчи», деб атаган эди.

Мавзуга оид